Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (Россельхознадзор) 2021 йилнинг 1 январидан Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан қуруқ меваларни олиб киришга рухсат берди. Бу ҳақда идора сайтида хабар қилинди.

Мазкур қарорга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Карантин бўйича давлат инспекцияси билан олиб борилган музокаралар натижалари ҳамда ўзбек томонининг кафолати асос қилиб олинди.

Қуритилган меваларни етказиб бериш фитосанитария сертификатларидаги «қўшимча декларация» қисмида ҳамда маҳсулот ёрлиғида мажбурий равишда ишлаб чиқарувчининг номи ва унинг манзилини кўрсатиш орқали амалга оширилади.

Фарғона вилоятидан келтирилган қуритилган меваларнинг ҳар бир партиясига дастлабки электрон билдиришнома ва маҳсулотларнинг фитосанитар хавфсизлигини тасдиқловчи лаборатория синовлари баённомалари илова қилинади.

Россельхознадзор 7 декабрь куни қуритилган ўрик партиясида хавфли зараркунанда — капр қўнғизи аниқлангани сабабли Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан барча ўсимлик маҳсулотларини олиб киришга тақиқ жорий қилган эди.

Аввалроқ Россельхознадзор 1 январдан Навоий ва Қашқадарё вилоятида жойлашган 34 та корхонадан помидорларни етказиб беришга рухсат берган эди.