Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати қуритилган ўрик партиясида хавфли зараркунанда — капр қўнғиз аниқлангани сабабли Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан барча ўсимлик маҳсулотларини олиб киришга тақиқ жорий қилди, деб хабар берди «Россельхознадзор» матбуот хизмати.

7 декабрь куни онлайн музокаралар чоғида Россия ва Ўзбекистон маҳкамалари «Россельхознадзор» томонидан қуритилган ўрикни (1 тонна) карантинли фитосанитария назоратидан ўтказиш вақтида Россия ва Европа Иттифоқи давлатлари учун карантин объекти ҳисобланган капр қўнғизи (Trogoderma granarium Ev.) аниқлангани масаласи муҳокама қилинди. Фарғона вилоятидан етказиб берилган маҳсулотларнинг ҳар бир килограмида 2 дона миқдорида мазкур зараркунанданинг аниқланиши ушбу партиянинг жиддий зарарланганидан далолат беради, деб таъкидлайди рус назорат органи.

Ўзбекистондан олиб келинган қуритилган мевалар капр қўнғизидан зарар кўрган. Сурат: «Россельхознадзор».

«Капр қўнғизи катта миқдорда зарар етказувчи ҳашарот ҳисобланади. Унинг мамлакат ҳудудига тарқалиши ўсимлик маҳсулотлари, шу жумладан ғаллага жиддий зарар етказиши мумкин. Шу жумладан, бу Россиянинг экспорт салоҳиятига таъсир қилиши мумкин. Шу муносабат билан „Россельхознадзор“ барча карантиности маҳсулотларни Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан олиб киришни тақиқлашга мажбур бўлмоқда», — дейилади хабарда.

«Россельхознадзор» маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг тегишли идоралари Россия ваколатли органига карантин объекти топилган, назорат остидаги товарлар сақланадиган омборларни текшириш баённомаларини юборади.

Trogoderma granarium Ev. ҳашаротининг Россияга ҳудудига олиб кирилишидан юзага келиши мумкин бўлган зарар Россияга фақатгина товар маҳсулотларини аниқлаш ва йўқ қилишнинг ўзи учун йилига 5 миллиард рублдан (68,1 миллион доллар) кўпроққа тушиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 4 декабрь куни «Ўздавкарантин» матбуот хизмати Россия томонидан юборилган фотосуратлар Марказий карантин лабораторияси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилгани, текширувларда кўрсатилган объектнинг капр қўнғиз эмас, балки Марказий Осиё ва Россияда учраб турадиган қўнғизларнинг бошқа тури (Trogoderma) экани аниқланганини маълум қилган эди.

Онлайн музокаралар давомида Россия Федерацияси томонидан қуритилган ўрик маҳсулоти учун тақиқ қўйилмасликка келишилиб, фақатгина маҳсулот юкланган экспортер корхонага нисбатан фитосанитар чоралар кўрилиши ҳақида келишувга эришилди.