2021 йил 1 январдан куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситаларининг яқинни ёритувчи чироғини ёқиб юриш тартиби кучга киради.

«Ушбу масала юзасидан, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг ўз фикр мулоҳазалари мавжуд бўлиб, тегишли таклифлар тайёрланган ва ушбу йўналишда чора-тадбирлар белгиланмоқда», — дейилади ЙҲХББ хабарида. Бошқарма белгиланаётган чора-тадбирлар ҳалқ манфаатларига хизмат қилишига умид билдирган.

Қандай чора-тадбирлар таклиф этилгани ва улар қачон эълон қилиниши бўйича хабар берилмади.

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, бир гуруҳ депутатлар томонидан Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Ички ишлар вазирлигига ушбу тартибни бекор қилиш ҳақида сўров хати киритилган.

Сўров хатида ушбу талабни автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланмаган автомототранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этмаслик сўралган.