29 ноябрь куни соат 21:00 да Самарқанд вилоятида 23 ёшли Аббос К. Ургут тумани «Мирзабоғлон-Чеп» маҳалласида фуқарога ўткир ҳидли «героин» гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддани 3 млн сўм ва 300 долларга сотаётган вақтида Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан қўлга олинган. Мазкур тезкор тадбир тафсилотлари ҳақида Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Аббос гиёҳвандлик воситасини сотишдан бироз аввал маҳалладоши 28 ёшли Абдуллодан олган ва пулларни унга олиб бориб берган. Абдулло тинтув қилинганда, пуллар ёнидан чиққан ва улар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Суд-кимёвий экспертиза хулосасида Аббосдан олинган модда таркибида гиёҳванд модда-диацетилморфин мавжудлиги, бу «героин» гиёҳвандлик воситаси турига кириши ва унинг соф оғирлиги 4.27 граммга тенг экани кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Аббос ва Абдуллога нисбатан Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми [Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш] билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов жараёнида Аббос ва Абдуллога нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.