Январдан сентябргача бўлган вақт оралиғида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси томонидан 37543 та қоидабузарлик аниқланди, дея хабар берди Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати.

Ҳуқуқбузарлар 16,8 млрд сўм миқдорида жаримага тортилган. Табиатга етказилган зарар миқдори эса 15,1 млрд сўм дея баҳоланмоқда.

1457 та иш бўйича тўпланган ҳужжатлар 11,7 млрд сўмлик жарима ва зарарни ундириш учун тегишли идораларга ўтказилган. Қўмита хабарига кўра, 60 мингдан ортиқ корхона ва фуқароларга соҳага оид профилактика тадбирлари ўтказилган.

22 та ҳолат бўйича 8,8 млрд сўмлик даъво ишлар юзасидан қонунбузарлик содир этган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши бўйича иш қўзғатилган.

Ҳуқуқбузарлардан 337 дона ҳайвон ва парранда, 1380,4 кг балиқ, 49 009 кг доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар, 884,7 м³ ўтин, 91 та ов қуроллари, 95 та аслаҳалар, 1290 та тўр, 46 та электр қармоқ, 141 та электр арра, болта ва бошқа инвентарлар олиб қўйилган, шундан 70 та ов қуроли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган, 34 та ов қуроли ва аслаҳалар, 23 та инвентарлар мусодара қилинган, 17 та ов қуроли қайтариб берилган.

Эслатиб ўтамиз, келаси йилдан бошлаб фуқаролар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида Давлат экология қўмитасига фотосуратлар ва видеохабарлар юборишлари мумкин бўлади. Бунинг учун уларга ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг 15% улуши пул мукофоти сифатида берилади.