Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг «Kun.uz» нашрига хабар беришича, Хитой вакцинаси Тошкентга олиб келинди. Вакцинанининг учинчи клиник синовлари режа бўйича 5000 кўнгилли одамда ва фақат Тошкент шаҳрида ўтказилади. Вакцина ҳозирда махсус шароитларда сақланмоқда.

Вазирнинг берган маълумотларига кўра, коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи фаза синовларини ўтказиш бўйича хитойлик ҳамкорлар Ўзбекистонга ташриф буюришди. Ҳамкорлар билан вакцина синовлари ўтказиладиган оилавий поликлиникалар билан танишиш ва синов тузилмасини ишлаб чиқиш масаласида гаплашиб олинди.

«4 киши кеча келган бўлса, яна 5 нафар хитойлик мутахассис келишини кутяпмиз. Улар 4 ой давомида синовларни ўтказиш жараёнида биз билан бирга иш олиб боришади. Вакциналар синовини қандай ўтказиш кераклиги, тартиб қанақа бўлиши ва уларнинг кузатуви қай тарзда олиб борилиши бўйича биринчи галда шифокорларимиз билан тренинглар ўтказиш режалаштирилмоқда. Иккинчидан, умумий жараённи мувофиқлаштириш бўйича ишларни йўлга қўямиз. Иккита марказимиз бор: Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология институти. Хитой компанияси томонидан жўнатилган вакиллар синовлар асосан қайси поликлиникаларда ўтказилиши бўйича саволлар беришди. Хитойликлар биринчи галда синов ўтказиладиган оилавий поликлиникалар ва улардаги шарт-шароитлар билан қизиқишди. Бундан ҳамкорларимиз ҳар бир оилавий поликлиникадан ўн нафардан шифокор ва ҳамширалар танлаб олиб улар билан суҳбат ўтказишмоқчи», — дея маълум қилди Иброҳим Абдураҳмонов.

Вакцина ҳозир Хитойдан Тошкентга олиб келинган. Вакциналар махсус шароитларда сақланяпти. Кўнгиллилар жамоасини шакллантириб олингандан сўнг ҳар бир оилавий поликлиникада имкониятдан келиб чиқиб маълум сондаги кўнгиллилар бўйича синов ишлари амалга оширилади.

«Яна бир савол туғиляпти — синовлар вилоятларда ҳам ўтказилиши ҳақида. Йўқ. Бу ҳозир тадқиқот бўлгани учун фақат Тошкент шаҳрида ўтказамиз. Бунинг ўзига яраша қулайликлари бўлиши керак. Мониторинг жараёнини самарали ташкил қила олишимиз жуда муҳим ҳисобланади», — деб таъкидлаб ўтди инновацион ривожланиш вазири.

Аввалроқ Хитойда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцина синовининг учинчи босқичи 5 мингга яқин ўзбекистонликда ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилган эдик. Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги Хитой Фанлар Академияси билан Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical томонидан ишлаб чиқарилган вакцинани учинчи босқич клиник синовларини Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида келишиб олган эди.