Туркия президенти француз маҳсулотларини бойкот қилишга чақирди

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ўз мамлакати фуқароларидан француз маҳсулотларини сотиб олишдан бош тортишни илтимос қилди. «Францияда бўлгани каби, улар ҳам турк молларини сотиб олмасликка чақиришди, худди шу тарзда мен ҳозир ҳам ўз халқимга мурожаат қиламан: француз ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларини сотиб олманг!» — деди президент. Туркия раҳбари Франциядаги мусулмонлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳимоя қилиниш кераклигини таъкидлади. — РИА Новости.

Исроил коронавирусга қарши ўз вакцинасини синовдан ўтказади

Исроил Мудофаа вазирлиги тез орада коронавирусга қарши ўз вакцинасини синовдан ўтказишини маълум қилди. Препаратни инсонда синаб кўриш 1 ноябрдан бошланади. Таъкидланишича, Исроил биологик тадқиқотлар институти аллақачон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Хелсинки қўмитасидан барча керакли тасдиқларни олган. — Исроил Мудофаа вазирлигининг Facebook’даги саҳифаси.

Tesla ўн минглаб автомобилларини қайтариб олади

АҚШнинг Tesla компанияси «подвеска» қисмида носозликлар топилгани сабабли Хитойдан ўн минглаб автомобилларини қайтариб олади. Бундай чоралар 2013 йил 17 сентябрдан 2018 йил 15 январгача АҚШда ишлаб чиқарилган ва Хитойга етказиб берилган 50 мингга яқин Model S ва Model X автомобилларига тегишли. — CNBC.

Тоғли Қорабоғ бўйича навбатдаги тинчлик сулҳи ҳам кучга кириши биланоқ бузилди

Вашингтонда имзоланган Тоғли Қорабоғ бўйича Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги янги битим Тошкент вақти билан соат 9:00 да кучга кирган эди. Бироқ битим кучга кириши биланоқ, унинг бузилгани маълум бўлди. 10 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ бўйича эришилган келишув ҳам ўша куниёқ бузилган эди. Тоғли Қорабоғ бўйича Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги инсонпарварлик келишуви 26 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 09:00 да кучга киради, дейилган эди Озарбайжон, Арманистон ва АҚШнинг қўшма баёнотида. — Газета.uz