Вашингтонда имзоланган Тоғли Қорабоғ бўйича Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги янги битим Тошкент вақти билан соат 9:00 да кучга кирган эди. Бироқ битим кучга кириши биланоқ, унинг бузилгани маълум бўлди. Икки мамлакат битимни бузишда бир-бирини айбламоқда, дея хабар берди РБК.

10 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ бўйича эришилган келишув ҳам ўша куниёқ бузилган эди.

Тоғли Қорабоғ бўйича Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги инсонпарварлик келишуви 26 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 09:00 да кучга киради, дейилган эди Озарбайжон, Арманистон ва АҚШнинг қўшма баёнотида. Мазкур баёнот АҚШ Давлат департаменти сайтида эълон қилинди.

Битим кучга кирганидан сал ўтиб, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тартибини бузганини эълон қилди.

Арманистон томони бу хабарни дезинформация деб атади. Сал ўтиб, Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян шахсий Facebook саҳифасида «Озарбайжон томони соат 8:45 да (Тошкент вақти билан 9:45) Арцахнинг шимоли-шарқида жанговар позициялар йўналиши бўйича артиллерия орқали ўт очишни бошлади», дея маълум қилди.

Озарбайжон мудофаа вазирлиги, шунингдек, Арманистон қуролли кучлари Лочин туманидаги Сафиян қишлоғида жойлашган Озарбайжон армияси бўлинмаларига, кейинчалик эса Тартар туманига қарата артиллериядан ўт очганини маълум қилди.

Кейинчалик NewsLine нашри соат 10:10 да Озарбайжон томонидан иккинчи ўт очиш ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берди. Бу сафар жануби-шарқий йўналишда бешта артиллерия орқали ўқ узилгани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар қайтадан кучая бошлаган эди.