Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 9 октябрь куни Бишкек ҳудудида фавқулодда ҳолат режимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Қарор «оммавий тартибсизликлар натижасида юзага келган ҳамда одамлар ҳаёти ва саломатлигига таҳдид ва зўравонликларни келтириб чиқарган мураккаб вазият муносабати билан» «ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш» учун қабул қилинди.

Фавқулодда вазият 9 октябрь куни 20:00 дан 21 октябрь 8:00 гача жорий этилади. Қирғизистон ички ишлар вазири ўринбосари Алмазбек Орозалиев шаҳар коменданти этиб тайинланди.

Бишкек комендатураси кириш ва чиқишнинг махсус режимини жорий этиш, оммавий тадбирларни тақиқлаш, транспорт ҳаракатини чеклаш ва бошқа ваколатларга эга бўлди.

Қирғизистон Қуролли Кучлари Бош штабига блокпостлар ташкил этиш, қуролли тўқнашувларни бостириш, қонунийлик ва тартибни муҳофаза қилишни таъминлаш ҳамда тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун ҳарбий қисмларни Бишкекка юбориш топширилди.

5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган бир неча минг киши Бишкек кўчаларига норозилик намойишларига чиқди. Намойишчилар Оқ уйни (парламент ва президент маъмурияти жойлашган), шаҳар ҳокимлиги ва ҳукумат биносини эгаллаб олишди. Шунингдек, улар мамлакатнинг собиқ раҳбари Алмазбек Атамбаевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасидан озод қилишди. Якунда Қирғизистон сайловлари ва референдумлари бўйича марказий комиссияси сайловлардаги овоз бериш натижаларини бекор қилди.