4 октябрь куни Самарқанд вилоятида юз берган ЙТҲ оқибатида уч киши вафот этди ва икки киши жароҳатланди, дея хабар берди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати.

Соат 20:30 да Tacuma русумли автомашинани бошқариб келаётган ҳайдовчи қорақалпоғистонлик 42 ёшли З.Б. «Тошкент — Нукус» йўналиши бўйича М-37 автомобиль йўлининг 96 километрида руль бошқарувини йўқотиб, йўлни ажратиб турувчи ўртадаги бетон тўсиққа урилиб, йўл-танспорт ходисаси содир қилган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Ҳайдовчи З.Б. ва йўловчи 26 ёшли Н.А. лар воқеа жойида, бошқа бир йўловчи 37 ёшли М.С. эса олган тан жароҳатлари оқибатида туман тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Шунингдек, автомашинада бўлган яна икки нафар йўловчилар 41 ёшли Х.Қ. ва унинг укаси Ж.Қ. лар турли хилдаги тан жароҳатлари олиб туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Нарпай туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши шу куннинг ўзида вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.