Ўзбекистон президенти 2 октябрь куни «Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўзининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида хабар қилди.

Қарорга кўра:

  • соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилди. Август ойи бошида Ботирбек Исабеков лавозимидан озод қилинганидан буён Тошкент ССББ раҳбари лавозими вакант бўлиб қолмоқда;
  • соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори лавозими тугатилди. 2017 йил апрелидан буён мазкур лавозимда Абдуҳаким Хожибоев фаолият кўрсатиб келаётган эди. Июль ойида эса у соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди, бироқ бир вақтнинг ўзида РШТЁИМ раҳбари лавозимини ҳам сақлаб қолаётган эди.

Қарорга мувофиқ:

Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари соғлиқни сақлаш вазири томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари билан келишилган ҳолда;

ҳудудий тиббиёт муассасалари раҳбарлари эса соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари билан келишилган ҳолда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади.

2020 йил 1 ноябрдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий бошқарув органлари ходимларига қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):

  • 1 йилдан 3 йилгача — 0,3;
  • 3 йилдан 5 йилгача — 0,6;
  • 5 йилдан 10 йилгача — 0,8;
  • 10 йилдан 15 йилгача — 1;
  • 15 йилдан 20 йилгача — 1,2;
  • 20 йилдан юқори — 1,5.