Ўзбекистон президентининг қарорига биноан Абдуҳаким Мўминович Хаджибаев Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, бу ҳақда 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам маълум қилинган.

А. Хаджибаев ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди. А.Хаджибаев шу тариқа мазкур лавозимга учинчи бор тайинланди.

Маълумот учун, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдуҳаким Хаджибаев (1951 йилда туғилган, Тошкент давлат тиббиёт институтини тугатган — 1974), 2017 йил апрель ойидан бошлаб соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори бўлиб ишлаган.

А. Хаджибаев Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига учинчи марта тайинланишидир. У ушбу лавозимни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори билан бирлаштирган ҳолда 2016−2017 йилларда, шунингдек 2003−2007 йилларда эгаллаган. 2000−2003 ва 2007−2016 йилларда у РШТЁИМнинг бош директори сифатида фаолият юритган.