Тошкент ИИББ Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли Дилшод Исмоилов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128−5 моддаси иккинчи қисмига (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши) мувофиқ жаримага тортилганини хабар қилди.

30 сентябрь куни интернетда 20 ёшли Дилшод Исмоилов томонидан TikTok ва Instagramга жойлаширилган Тошкент кўчаларида 150−160 км/с тезликда ҳаракатланиб, автомобилларни қувиб ўтгани ҳамда бошқа ҳайдовчилар ва пиёдалар учун хавфли вазиятни яратгани тасвирланган видеоёзувлар тарқалди.

Ёзувлардан бирида тезлик кўрсаткичи 200 км/с экани акс этган. Муаллиф тўлаган жарималарини қоғозини ҳам эълон қилди.

ИИББ маълумотларига кўра, ҳайдовчи жаримага тортилган, Tracker автомобили (давлат рақами 01К550ХА) эса жарима майдонига жойланган.

Баённома 30 сентябрь куни расмийлаштирилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълумотларига кўра, мазкур ҳайдовчи 2019 йилда 8 та ҳуқуқбузарлик содир этганлиги қайд этилган («Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши»), 2020 йилда ҳам у томондан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони 8 тани ташкил этмоқда (худди ўша модда бўйича, шулардан тўрттасининг жаримаси тўланган).

Қайд этиш жоизки, Олмалиқ ҳокими Усмон Раҳимов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда видеонинг тўрт-беш ой муқаддам туширилгани ва ўшандан буён ўғлига рулга ўтиришни тақиқлаганини маълум қилди.