Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс давлат тили бўйича имтиҳондан ўтиши керак бўлади. 28 сентябрь куни ҳукумат қарори билан қабул қилинган низомда бу ҳақда сўз боради.

Низомга кўра, фуқароликка қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тўлов асосида амалга оширилади.

Синов имтиҳони ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг 1 ой муддатда тест, ёзма ёки оғзаки шаклларда ўтказилади. Синов имтиҳонлари натижалари 3 кун муддатда эълон қилинади. Синов имтиҳони якунлари бўйича энг юқори баллнинг 50 фоизидан кам балл олган талабгорлар синов имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади ҳамда синов имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида 1 ойдан кейин қайта қатнашиш учун ариза билан мурожаат қилади (қайта тўловни амалга оширган ҳолда).

Синов имтиҳонини топшириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида (44 600 сўм) тўлов тўланади. Синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификати берилади ва у муддатсиз амал қилади.

Шунингдек, ҳукумат қарори билан Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

Унга кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга олиниш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифасига ватандош ва унинг оила аъзолари ҳам киритилди.

Жорий қилинган тартибларга кўра:

  • туғилганлик гувоҳномаси расмийлаштиришда Ўзбекистонда туғилган бола ота ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича автоматлаштирилган тизим орқали рўйхатга олинади;
  • 16 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ота-онасининг рўйхатга олинган манзилига рўйхатга олинади;
  • чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг қариндошларини доимий рўйхатга олишда, турар жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилмайди;
  • «Фахрий фуқаро» мақоми берилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини доимий рўйхатга олганлик учун давлат божи ундирилмайди.

Шунингдек, қарор билан, Ўзбекистон ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.