Ўзбекистонда катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш даражаси бошқа мамлакатлар билан қиёслаганда жуда паст. Бу 2019 йилда ўтказилган «Ўзбекистонда катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш: долзарб ҳолат ва ривожланиш истиқболлари» лойиҳаси бўйича ўтказилган сўров натижаларидир.

Сенатор Дилорам Тошмуҳамедова ўз мақоласида «Таълим тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрири ва катта ёшдагиларга таълим бериш қандай ривожланиши кераклиги ҳақида фикр юритади.

Катта ёшдагиларга таълим беришни таъминлаш нима учун муҳим?

«Ўзбекистонда катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш: долзарб ҳолат ва ривожланиш истиқболлари» лойиҳаси доирасида олиб борилган тадқиқотлар катта ёшдагиларнинг ўқишга бўлган эҳтиёжи юқори эканини аниқлади. Хусусан, 24−33 ёшдагиларнинг 70 фоиздан ортиғи ўзларида билим ва кўникмаларнинг етишмаслигини ҳис қилмоқда, 34−42 ёшдаги респондентлар эса, уларнинг фикрига қўшилган. Жами респондентларнинг 60 фоизи билим ва кўникмалари етишмаслигини кўрсатиб ўтган. Сўровномада иштирок этганларнинг деярли ярми билим ва малака ошириш учун имконият йўқлигини, оилавий ҳолатлар туфайли вақт етишмаслигини, ўқишнинг тўлови юқори даражада эканлигини ҳамда иш берувчининг бундан манфаатдор эмаслигини кўрсатиб ўтган.

Ўзбекистон фақат таълимни ривожлантириб ҳамда, энг муҳими, бунга аҳолининг барча қатламларини жалб қилиб юксак марраларга эришиши мумкин. Аммо узоқ вақт мобайнида таълим соҳасидаги қонунчилик мукаммал бўлмаган. 2020 йил 23 сентябрь куни «Таълим тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрири Президент томонидан имзоланди ва кучга кирди. Мазкур Қонунда илк бор таълим хизматларини сезиларли даражада кенгайтиришга асос бўладиган таълим олишнинг турли шаклларининг таърифи берилган.

Улар орасида «оилада таълим олиш ва мустақил таълим олиш», «инклюзив таълим», «катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш». Охирги атама расмий, норасмий ва информал таълимни ўз ичига олади. Натижада катта ёшдагилар бутун ҳаёти давомида билимларини кенгайтиради, кўникма ва малакаларини бойитади ва талаб этиладиган касбни эгаллайди. Илгари мен катталар учун таълим ва таълим соҳасини ривожлантиришнинг аҳамияти ҳақида ёзган эдим, бу масала бугунги кунда муҳим ҳаётий аҳамиятга эга.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, Ўзбекистонда янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда. Ушбу муҳим жараёнда эса, катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш мамлакатимиз тараққиётида ҳал қилувчи роль ўйнаши керак. Бу, айниқса, янги, илғор ахборот технологияларига асосланган рақамли билимларни ўзлаштириш, замонавий касбларни пухта эгаллашда яққол намоён бўлиши керак.

Зеро, юртимизнинг эртанги келажаги инновацион иқтисодиёт билан чамбарчас боғлиқ. Мукаммал билимларга таянган ҳолда қисқа вақт ичида самарали ва рақобатбардош иқтисодиётни яратиш мумкин. Шу боис ҳам юқори сифатли таълим тизимига эга бўлиш, инсон капиталига сармоя киритиш, расмий таълим билан бирга норасмий таълимни ҳам ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш муҳимдир.

Айниқса, бугунги кунда, дунё COVID-19 пандемияси билан боғлиқ оқибатларни бошдан кечираётган бир вақтда, бу ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Давлатлар ўз салоҳиятларини тиклашлари, иқтисодиётни кўтаришлари керак, уларнинг ривожланиши бевосита таълим тизимининг, шу жумладан катта ёшдагиларга таълим беришнинг ривожланишига боғлиқ. Давлатлар рақобати кучли дунёда одамларни иш билан таъминлаш ва фаровонликни ошириш билан бирга, оёқда туриб қолиш муҳимдир.

2016 йилдаги ЮНEСКОнинг катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш бўйича глобал ҳисоботида таъкидланганидек, катта ёшдагиларга барқарор ва сифатли таълим берадиган мамлакатлар, одатда, юқори ижтимоий-иқтисодий ривожланишга, фаол сиёсий ва фуқаролик институтларига, жамоатчиликнинг ишончи ва интеграциясига эга. Аксинча, ҳокимият ва моддий фаровонликда катта тенгсизликлар бўлган жойда катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш зарар кўради.

Афсуски, Ўзбекистонда бандлик муаммоларини ҳал қилишда катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим беришнинг салоҳиятидан деярли фойдаланилмайди. Мавжуд таълим муассасалари катта ёшдагилар, айниқса, аҳоли ишсиз қатламининг янги билим ва кўникмаларга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди.

Вазиятни бартараф этиш учун ҳозирги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига мос равишда Катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим беришни ривожлантириш бўйича давлат концепцияси зарур. Унинг қабул қилиниши мамлакатнинг барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсиши, камбағалликни камайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

Бутун дунёда катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим беришнинг ижобий жиҳатларини кўрсатадиган кўплаб далиллар мавжуд. Бироқ, кўпгина мамлакатлар уларни давлат харажатлари билан таққосламайдилар. Аксарият ҳукуматлар бюджетнинг атиги 1 фоизидан камини катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш учун ажратадилар, холос. Истисно тариқасида, ушбу мақсадлар учун давлат бюджетининг тахминан 10 фоизини сарфлайдиган давлат Финляндиядир. Дарвоқе, катта ёшдаги финлар юқори даражада саводхонлиги ва муаммоларни ҳал қилиш кўникмалари юксак экани билан машҳур. Шунингдек, ушбу мамлакат иш билан бандлик масалалари бўйича катта ёшдагиларга таълим бериш ва уларни ўқитиш бўйича энг юқори сармояга эгалиги билан ҳам ажралиб туради.

Умуман олганда, даромадлари юқори ва иқтисодиёти барқарор бўлган давлатларда катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим беришдаги иштироки ҳам юқори даражада эканини кўриш мумкин. Ушбу мамлакатлар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг аъзолари бўлиб, бандлик ва меҳнат унумдорлиги бўйича катта кўрсаткич ва натижаларга эга.

Хорижий тажриба

Агар бизда катта ёшдагилар учун норасмий таълимни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳақида энди сўз бораётган бўлса, Европада бу масала ўтган асрда кўтарилган. Жумладан, 1953 йилда Европа катта ёшдагилар таълими ассоциацияси ташкил этилиб, бугунги кунда у 34 мамлакатдаги 100 дан ортиқ филиалларни бирлаштирган ва бутун Европа бўйлаб 50 миллиондан зиёд эркак ва аёллардан иборат катта ёшдагилар таълимини қамраб олган.

Ассоциациянинг асосий вазифалари орасида катта ёшдагиларни умрбод ўқитиш ва уларга таълим бериш ғоясини тарғиб қилиш ҳамда сиёсатини ишлаб чиқиш; ўз аъзоларига ахборот ва бошқа хизматларни кўрсатиш; лойиҳалар, нашрлар ва тренинглар орқали соҳадан хабардорликни ривожлантириш; халқаро ҳамкорлик масалалари устувор ўрин тутади.

Халқ университетлари эса, кўплаб мамлакатларда катта ёшдагиларга таълим бериш тизимининг бир қисмидир. Бу ҳаммабоп маърифий муассасаларда миллионлаб европаликлар, таълим даражаси ва ёшидан қатъи назар, касбий маҳоратга эга бўлишлари мумкин.

Буни Германиядаги халқ университетлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу мамлакатдаги 900 дан ортиқ шундай муассасалар маълум фирма ва корхоналар учун хизмат сафарлари ва саёҳатлар кўринишида «буюртма бўйича таълим» шаклида кадрларни қайта тайёрлаш курслари ва семинарларни таклиф этадилар. Уларда ҳар қандай ёшдаги одам таҳсил олиши мумкин. Ҳатто ишлаб турган одамлар, ишсизлар, оила қурган аёллар ва эркаклар, шунингдек, пенсионерларга йўналтирилган алоҳида курслар мавжуд.

Халқ университетлари шарофати билан ҳар бир Германия фуқароси янги ихтисосни эгаллаши ёки ўз соҳаси бўйича малакасини мустаҳкамлаши мумкин. Махсус ҳисобварақда — турли даражадаги сертификатларни тақдим этадиган тил курслари, турли даражадаги фойдаланувчилар учун компьютер маҳоратини ўргатиш бўйича жуда кўп таклифлар мавжуд. Халқ университетларини битириб чиқиш орқали Германияда ҳар йили 9 миллиондан ортиқ киши қўшимча билим ва малакага эга бўлади.

Жанубий Кореяда бутун ҳаёт давомида узлуксиз таълим ҳақидаги қонунга биноан, ушбу соҳадаги миллий сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга масъул бўлган маслаҳат органи фаолият олиб боради. Ҳаёт давомида узлуксиз таълим қўмитаси таълим вазири томонидан бошқарилади. Унинг таркибига вазир ўринбосарлари, Миллий узлуксиз таълим институти президенти ва қўмита раиси томонидан тайинланадиган экспертлар киради.

Президент қандай вазифа қўйди?

Мамлакатимизга кучли салоҳиятга эга билимли ёшлар ва кучли иқтисодиёт керак. Айни пайтда дунёда келажак иқтисодиёти талабларига тўлиқ жавоб берадиган янги ўқув маданияти шаклланмоқда. Иқтисодиёт ва таълим тизимининг умумий мақсади рақобатга дош бера оладиган ва масъулиятли, мустақил равишда қарор қабул қилишга қодир, ўзига ўзи мотивация бериб ривожлантирувчи ва бутун умри давомида қайта тайёрланиш учун ўқиб-ўрганувчи кадрларни тайёрлашдир.

Шу сабабли 2020 йилги Давлат дастурида бутун мамлакат бўйлаб «Ишга марҳамат» моно-марказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил этиш вазифалари белгиланган. Мазкур марказларда ишсизлар ва камбағал оилалар аъзолари тадбиркорлик ва касбга ўқитилади, шунингдек, банд бўлмаган аҳолини ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш, фуқароларга психологик ва юридик хизмат кўрсатиш йўналишларида ҳам фаолият олиб боради. Дастур бешта ташаббус доирасида рақамли технологиялар марказларини, ёшлар ва IТ-паркларни яратишни ҳам назарда тутади.

Жорий йилнинг 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарор имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда тегишли ҳудудларда «Ишга марҳамат» мономарказларини, касб-ҳунарга ўқитиш марказларини, Тошкент шаҳри туманларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Энг аҳамиятлиси, мазкур Қарор билан биринчи марта қонунчилик даражасида ушбу соҳада хусусий секторни қўллаб-қувватлаш назарда тутилиб, имтиёзлар рағбатлантириш чоралари сифатида киритилди. Шундай қилиб, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этиш учун бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади. Ўқув дастури ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқи тақдим этилади.

Бироқ, катта ёшдагиларга таълим бериш имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун, тегишли касбий ваколатларга эга бўлган катталар билан ишлайдиган андрагог-педагогларни тайёрлаш муаммосини ҳал қилиш керак. Биз бу масала билан ҳеч қачон шуғулланмаганмиз, ҳатто кўплаб таълим соҳаси ходимларининг ўзлари бу сўзни биринчи марта эшитишмоқда. Аммо бу муаммо фақатгина Ўзбекистонда мавжуд эмас. Катта ёшдагиларга таълим беришнинг профессионаллик даражасини ошириш бугунги кунда ҳам бир мамлакат учун, шу жумладан, халқаро миқёсда ҳам асосий муаммо ҳисобланади. Бу муҳокама учун алоҳида мавзу бўлгани сабабли бу ҳақида кейинроқ тўхталамиз.

Ичкаридан нигоҳ

Ҳар йили ўтказилиши керак бўлган сўровлар катта ёшдагиларнинг таълимда иштирок этиш даражасини аниқлашга ёрдам беради. Бу соҳадаги тараққиётни доимий кузатиб бориш катта ёшдагиларни ўқиш ва таълим олишини ривожлантириш стратегиясини ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бошқа Давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш имконини беради.

Бу йўналишда биринчи қадам аллақачон ташланган. 2019 йилда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази (ҳозирда «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти) Германия Халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмаги билан ««Ўзбекистонда катта ёшдагилар ўқиши ва таълими: долзарб ҳолат ва ривожланиш истиқболлари» мавзусидаги тадқиқотни ўтказди.

Мазкур тадқиқот асосида тайёрланган ҳужжат республикадаги катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш соҳасидаги ишларнинг реал ҳолатини таҳлил қилади, бу соҳанинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсирини намойиш этади. Ушбу лойиҳа манфаатдор томонларни жалб қилган ҳолда жорий йил охирига қадар якунланиши режалаштирилган бўлиб, Ўзбекистондаги катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш ҳолати тўғрисида Миллий ҳисобот учун асос бўлиши мумкин.

Тадқиқот объектлари 24−55 ёшдаги аёллар ва 25−60 ёшгача бўлган эркаклар эди. Унда Европа Иттифоқининг барча давлатларида ташкил этилган халқаро тадқиқот Adult Education Survey (AES) ёндашувининг алоҳида усуллари қўлланилган. Сўровнома Ўзбекистон шароитларига мослаштирилган.

Афсуски, тадқиқот натижалари катта ёшдагиларнинг ўқиши ва таълим олиши жараёнида иштирок этиш даражасининг пастлигини кўрсатди. Бундан ташқари, ёши каттароқ одам бу масалага камроқ қизиқиш билдиради. Расмий ва норасмий таълимдаги аёлларнинг иштирок этиш даражаси эса, эркакларникига нисбатан бироз юқори. Шу билан бирга, эркаклар информал (мустақил ўқиш) ўрганишда катта фаоллик кўрсатди.

Сўров ўтказилганларнинг деярли ярми ўзида ўқиш имконияти йўқлигини маълум қилди. Бунга оилавий шароитлар туфайли вақт етишмаслиги, ўқув учун тўловларнинг юқорилиги ва иш берувчи рухсат бермаслиги сабаблар сифатида кўрсатилган. Шунингдек, иш билан банд бўлмаган оила аъзолари ва таълимнинг баланд нархи туфайли юқори қарамлик юки бўлган ўртача 5,8 кишидан иборат уй хўжаликларининг кам даромадлари катта ёшдагиларнинг биргаликда таълим олиш ва ўқишда иштирок этишига жиддий тўсиқ бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шаҳарлар аҳолиси бу борада фаолроқ. Бироқ, қишлоқлар аҳолисида қўшимча кўникмалар ва билимларга катта эҳтиёж сезилади. Минтақавий фарқлар катта ёшдагилар учун таълим олиш ва ўқиш учун тенг имкониятларнинг етишмаслигини кўрсатди.

Расмий таълим муассасалари жуда кенг ва катта тармоққа эга бўлишига қарамай, уларнинг катта ёшдагилар таълимини ривожлантиришдаги ўрни пастлигича қолмоқда. Худди шу хулоса норасмий таълимга ҳам тааллуқлидир, бу ерда расмий таълим муассасаларининг улуши атиги 10 фоизни ташкил қилади.

Ушбу маълумотлар мамлакатда расмий ва норасмий таълимни ривожлантириш учун давлат таълим муассасалари салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмаётганидан далолат беради.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, ишловчи ходимлар ишсизларга қараганда кўпроқ ўқишга қатнашади. Бунда таълим олиш асосан аллақачон олий маълумотга эга бўлган мутахассислар томонидан амалга оширилади. Ўрта-махсус касб-ҳунар маълумотига эга бўлган респондентлар 25 йилдан сўнг камдан-кам ҳолларда ўз билим ва малакаларини оширишади. Мунтазам равишда малака ошириш курсларидан ўтиши шарт бўлган ўрта тиббиёт ходимлари ва бошқа баъзи касб эгаларигина бундан мустасно. Респондентларни таълим олишга ундайдиган асосий сабаб ишдаги ўз позицияларини сақлаб қолиш ёхуд уни яхшилаш истагидир. Бу масала аёллардан кўра эркакларни кўпроқ ташвишга солмоқда.

Респондентларнинг қарийб тўртдан бир қисми иш берувчининг талабига биноан ёки қонун талабларига мувофиқ ўқиган. Ва фақат 16% шахсий рағбатлантиришга эга респондентлар (уларнинг аксарияти аёллар) — билим ва кўникмаларни кенгайтириш, янги одамлар билан танишиш мақсадида бўларкан.

Тадқиқот натижаларидан маълум бўлдики, аёллар ўқишга катта қизиқиш билдиришади, аммо бу қизиқиш ҳар доим ҳам уларнинг оиладаги ва болаларни тарбиялашдаги анъанавий роли туфайли амалга ошмайди. Улар таълим олиш имкониятлари эркаклардан фарқли ўлароқ, оилавий ва шахсий шароитлар туфайли чекланган, деб ҳисоблашади.

Тиббиёт, педагогика ва бошқа гуманитар фанлар энг талабгир йўналишлар бўлиб қолмоқда. Бундай ўқишга талаб асосан аёллар томонидан қўллаб-қувватланади. Эркаклар орасида эса, иқтисодиёт ва муҳандислик мутахассисликларига талаб катта, аммо тил ўрганиш, ахборот технологиялари соҳасида таълим олишни истаганлар жуда кам.

Асосийси, диплом эмас, балки мутахассислик

Сўров шуни кўрсатдики, бизнинг фуқароларимиз норасмий таълимнинг афзалликларини тўлиқ англаб етмайдилар. Респондентларнинг 70 фоизи норасмий таълим олишдан кўра, расмий таҳсил асосида маълумот олишни афзал кўриши ушбу фикримиз далилидир.

Нодавлат таълим муассасалари (НТМ) фаолиятидан хабардорлик ва уларнинг касб-ҳунар таълими дастурларида ўқиш истаги ҳам паст — респондентларнинг 50 фоизи НТМлар ҳақида билишади холос ва уларнинг фақат 38 фоизигина ўзларининг дастурларда ўқишни хоҳлашади. Бу респондентларнинг фақат давлат таълим муассасасининг дипломигина муваффақият кафолати, деган қатъий фикридан далолат беради.

Информал ўқиш — бу мустақил ўқишга интилиш. Бу хислат, таассуфки, респондентларнинг атиги 27,8 фоизидагина мавжуд, холос. Бу нуқтада қизиқишлар доираси расмий ва норасмий таълим олишдан фарқли ўлароқ, тармоқлараро универсал билимлар, информатика ва дастурлаш, чет тиллари, иқтисодий фанлар, уй хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, транспорт воситаларини таъмирлаш ва бошқаларни қамраб олади. Аммо барибир қизиқишлар қандайдир тарзда иш билан боғлиқ (53%). Энг муҳими, тадқиқот ўқишга бўлган талаб юқори эканини тасдиқлади. Сўровномада иштирок этган 24−33 ёш оралиғидаги шахсларнинг 70,8 фоизи ўзида билим ва кўникмалар етишмаслигини ҳис қилса, 34−42 ёшдагилар орасида бу кўрсаткич деярли 60 фоизни ташкил этади.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, катта ёшдагилар учун ўқиш ва таълимни ривожлантиришда нодавлат таълим муассасаларининг роли ниҳоятда паст даражада қолмоқда. Сабаби, ушбу ташкилотлар тармоғи чекка ҳудудларда, табиийки, республикада ҳам ривожланмаган. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг маълумотларига кўра, таълим ташкилотларининг энг юқори улуши Тошкент шаҳрида ва пойтахт вилоятида кузатилган — 64 фоиздан ортиқ. Бундай муассасаларнинг 6 фоиздан кўпроғи Самарқанд шаҳри ва вилояти, 5 фоизга яқини Наманган шаҳри ва Наманган вилояти ҳиссасига тўғри келади. Таълим хизматларини кўрсатадиган ташкилотларнинг энг кам сонини Жиззах шаҳри ва Жиззах вилояти тавсифлайди — атиги 0,7 фоиз. Ушбу рақамлар турли вилоятлардаги аҳолининг таълим хизматларига эга бўлиш имкониятларида номувофиқлигини кўрсатади.

Респондентларнинг ярмидан сал кўпроқ қисми янги ишга жойлашиш ёки билим ва кўникмаларини ошириш учун қўшимча ўқиб-ўрганишни истайди. Аммо кўпчилик Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида ташкил этилган Бандликка кўмаклашиш марказлари, Ишсизларни ўқитиш марказлари орқали касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш имкониятлари тўғрисида эшитмаган. Респондентлар нодавлат таълим муассасаларида ўқитиш шароитлари ҳақида ҳам кам маълумотга эга. Буларнинг барчаси аҳолининг хабардорлиги етарли даражада эмаслиги, катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш масалалари бўйича мамлакатда самарали маълумот ва маслаҳат тизими мавжуд эмаслигидан далолат беради.

Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида

Давлатнинг барқарор ривожланиши, унинг рақобатбардошлигини таъминлаш ишчи кучи бозорларининг тез ўзгарувчан эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда аҳолини, айниқса катта ёшдагиларни доимий равишда касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш билан бевосита боғлиқ. Шу сабабли, бугунги кунда Ўзбекистон учун катта ёшдаги аҳолини ўқитиш ва унга таълим беришга жиддий эътибор қаратиш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Тадқиқот натижаларидан республикадаги вазиятга бир қадар ойдинлик киритилди ва мавжуд ҳолатни тартибга солиш учун қуйидаги тавсияларни билдириш мумкин:

2030 йилгача бўлган даврда катта ёшдагиларнинг таълим олишдаги иштирокини ошириш билан боғлиқ мураккаб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган Катта ёшдагиларга таълим беришни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш зарур. Ва бу жараёнда илмий доиралар, жамоат кенгашлари, нодавлат ташкилотлар, халқаро ташкилотлар қатнашишлари мақсадга мувофиқ.

Норасмий таълим ва информал ўқиш натижаларини тан олиш, тасдиқлаш ва сертификациялаш тизимини жойрий этиш лозим.

Катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим беришни ривожлантириш учун расмий таълим муассасалари тармоғининг имкониятларидан максимал даражада фойдаланиш керак.

Норасмий таълим таъминотчиларини (нодавлат таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва маданият марказлари) ни ривожлантириш, айниқса, мамлакатнинг алоҳида чекка ҳудудларида уларнинг тармоғини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш Давлат дастурини қабул қилиш зарур. Чора-тадбирларнинг қабул қилиниши катта ёшдаги аҳоли ўртасида асосан «компьютер саводхонлиги» кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, онлайн таълимни кучайтириш учун шароит яратиш, айниқса, пандемия шароитида ўқув жараёнларини рақамлаштиришга ёрдам беради.

Молиялаштириш ва рағбатлантиришнинг кўп каналли механизмларини ривожлантириш лозим. Бунда бир томондан, таълим хизмати кўрсатувчиларни, иккинчи томондан, таълим хизматлари истеъмолчиларини қўллаб-қувватлашни назарда тутиш даркор. Масалан, маҳаллий ҳокимият органлари провайдерларга ўқув биноларини бепул бериши ёки институционал маблағ ажратиши, тингловчиларга ваучерлар ва стипендиялар бериш, касб таълимини олиш давридаги таътил учун ҳақ тўлаш мумкин.

Аҳолининг заиф қатламлари, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар, меҳнат муҳожирлари, ишсизлар, ногиронлар, маҳкумлар, қариялар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва бошқалар учун сифатли таълим олиш имкониятларини тарғиб қилиш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ. Аҳоли шуни ҳис этиши керакки, касб-ҳунарга ўқиш, таълим олиш ва лавозим бўйича кўтарилишда эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқларга эга.

Ўтган йили Веймарда бўлиб ўтган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш» конференциясида ЮНEСКО, Катта ёшдагилар таълими бўйича халқаро кенгаш ва Европа катталар таълими ассоциацияси вакиллари Беларусь, Болқон мамлакатлари, Жанубий-Шарқий Осиё ва Лотин Америкаси мамлакатларидаги катталар таълими амалиётидан яхши мисолларни қайд этишди. Яқин йилларда Ўзбекистон ҳам ушбу рўйхатга киришига ва унинг тажрибаси бошқа мамлакатлар томонидан қўлланилиши ва фойдали бўлишига ишонаман.