Ғолибшер Мелибоевич Зияев Ўзбекистон Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (Ўзкомназорат) бошлиғи этиб тайинланди. 21 сентябрь куни ҳукуматнинг бу ҳақдаги қарори имзоланди, дея хабар берди Адлия вазирлиги.

Ғолибшер Зияев (1961 йилда туғилган) 1983 йилда Тошкент электротехника алоқа институтини тамомлаган ва ўз ишини Жиззах шаҳар алоқа марказида етакчи муҳандис сифатида бошлаган.

Турли йилларда у Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари (2005−2009), Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази бош директори (2012−2017), Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи (2017) лавозимларида фаолият кўрсатган.

Тайинловга қадар 2019 йил май ойидан буён Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибиятининг мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ўзкомназоратнинг аввалги раҳбари Асаджон Ходжаев июль ойи охирида Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига директор этиб тайинланган эди.

Ҳукуматнинг 21 сентябрдаги тегишли қарори билан, Абдумалик Абдуқодирович Алламурадов Ғолибшер Зияевнинг ўрнига Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибиятининг мудири этиб тайинланди.

У бунга қадар Сурхондарё вилоятидаги Тадбиркорлар қабулхонаси мудири вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келган.