Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 сентябрда имзоланган"Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий қилинмоқда ҳамда унинг 6та асосий йўналиши белгиланмоқда.

Жумладан:

  • ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорлик ривожлантирилади, хориждаги ватандошлар ташкилотлари ва ўзбек диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамланади;
  • хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитилади, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро сертификатлар берилади;
  • меҳнат мигрантлари молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватланади, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиёти кенгайтирилади, улар учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади;
  • меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар реинтеграция қилинади, шу жумладан уларнинг бандлиги таъминланади, касбий малакаси оширилади ва тадбиркорлик ташаббуслари рағбатлантирилади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларининг иши қуйидаги тартибда ташкил этилади:

  • ҳокимлар ҳудудий филиалларга умумий раҳбарлик қилади ҳамда уларга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлайди;
  • ҳудудий филиал раҳбарлари бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ёрдамчилари ҳисобланадиган бўлди;
  • ҳокимликлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳудудий филиалларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда фаолиятига малакали мутахассисларни жалб қилиш чораларини кўради;

Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳудудий филиалларига қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:

  • хорижий иш берувчилар ва уларнинг вакиллари билан бевосита келишувлар тузиш ҳамда тузилган келишувларга асосан фуқароларни ишга юбориш;
  • хорижий мамлакатларнинг ҳудудий миграция ва бошқа давлат органлари билан алоқалар ўрнатиш ва музокаралар ўтказиш, хориждаги ватандошлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;
  • хорижий (халқаро) молия институтлари миграция соҳасини ривожлантиришга ажратиладиган грантларини жалб қилиш.