Россиянинг «Спутник V» коронавирусга қарши вакцинасининг биринчи партияси фуқаролар муомаласига чиқарилди, дея хабар берди Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги. Маълумот берилишича, препарат «Росздравнадзор» лабораторияларида керакли синовлардан муваффақиятли ўтган ва у яқин орада мамлакат ҳудудларига етказилади.

Гамалея институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Денис Логуновнинг таъкидлашича, аҳолини эмлаш препаратнинг фуқаролар муомаласига чиқарилиши биланоқ бошланади. Биринчи бўлиб, вакцина хавф остида бўлган одамларга берилади: тиббиёт ходимлари, полиция ходимлари, таълим ходимлари.

Оммавий эмлаш октябрь ойида бошланиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, вакцина Н.Ф.Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий маркази мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган.

11 август куни эса Россия президенти Владимир Путин COVID-19 га қарши илк вакцинанинг рўйхатдан ўтказилгани ҳақида эълон қилган эди.

Бундан олдин, кўплаб фармкомпаниялар Россия соғлиқни сақлаш вазирлигини ушбу вакцинани рўйхатдан ўтказишга шошмасликка чақираётган эди. Улар соғлиқни сақлаш вазирлигини вакцинанинг сўнгги клиник синовлардан муваффақиятли ўтишини кутиш кераклигини таъкидлашди.