Тошкентнинг Бектемир тумани майдони Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари ҳудудларини қўшиш ҳисобига кенгайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21 август куни туман фаоллари билан бўлиб ўтган урашувида маълум қилинди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотларига кўра, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманларидан жами 1639 гектар ер ўтказилади. Натижада туман ҳудуди 3472 гектарга етади.

«Нима учун [туман ҳудудини кенгайтираяпмиз]? Саноат корхоналарини кўпайтирмоқчимиз. Катта режалар қўйдикки, мана шу Бектемирга Тошкент вилоятидан қўшилаётган жойлари, сизлар билан бамаслаҳат, худди Сирғалида қурганимизга ўхшаб, энг камида 50 минг, 70 минг одамга яраша кўп қаватли уйлар қурмоқчимиз. Бектемирни мутлақо бошқача қиламиз. Марказдан Бектемирга кўчиб келадиган қиламиз», — деди президент (иқтибос «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасидан олинди).

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Шавкат Мирзиёевга Бектемир туманидаги «Бинокор» маҳалласидаги саноат корхоналари тўғрисида маълумот тақдим этмоқда. «Ўзбекистон 24» лавҳаси.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, келажакда Бектемир тумани аҳолисини 200 минг кишига tтказиш режалаштирилган. «Бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд. Бектемир тумани катта имкониятларга эга», — деди у.

DSK Binokor (йирик панелли уй-жой қурилиши учун темир-бетон буюмлар ишлаб чиқарувчи) ишлаб чиқариш мажмуасига ташрифи чоғида давлат раҳбари ўз сайловолди дастурида Тошкентда 500 та кўп қаватли биноларни қуриш бўйича ваъдасини қисқа вақт ичида бажарганини таъкидлади.

«Уй қурилиш соҳасида биз бор тажрибамизни 25 йил йўқ қилиб, барбод қилдик. На қурувчи пайдо бўлди, на кранчи пайдо бўлди. Биз бошлаганимизда Тошкентда 10 та баланд кран йўқ эди. 500 та уйни 5 йилда қураман, деб ваъда берган эдим сайловолди дастуримда. 2,5 йилда қурдик. Фақат Сирғалида», — деди у.

Аввалроқ хабар берганимиздек, Бектемир тумани ҳокими Шоҳрух Мамажонв ва туман секторлари раҳбарлари президент ташрифидан сўнг лавозимларидан озод қилинди.