Тошкентнинг Бектемир тумани ҳокими Шоҳрух Бахтиёров Мамажонов лавозимидан озод қилинди. Сектор раҳбарлари — прокурор, ички ишлар бўлими бошлиғи ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ҳам лавозимларини тарк этди, дея хабар қилди «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси.

21 август куни президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда туманда ишсизлик даражаси 3,3 фоиз, шу жумладан, аёллар орасида 1,7 фоиз, ёшлар ўртасида 1,5 фоиз экани қайд этилди. Мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги, қатор маҳаллаларда ички йўллар ҳолатининг ёмонлиги, коммунал тизимларда ҳам камчиликлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Бектемир туман сектор раҳбарлари. Фото: Бектемир туман ҳокимлиги.

Шохруҳ Мамажонов Бектемир туманида 2018 йил июлдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Бундан ташқари, «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги икки ахборот манбаси маълумотларига кўра, 2018 йил июлдан буён Яшнобод тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Хожиакбар Камолиддинович Тиллашайхов ҳам вазифасидан четлаштирилди.

Хожиакбар Тиллашайхов. Фото: Яшнобод туман ҳокимлиги.

Яқин вақтларда Тошкентнинг Сергели, Яшнобод ва Бектемир туманларига янги ҳокимлар тайинланиши кутилмоқда.