15 августдан Тошкентда жамоат траснпорти, жумладан, автобус ва йўналишли таксилар (машруткалар) фаолияти қайта тикланади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати хабар қилди. Шу кундан Тошкент вилоятида ҳам автобус йўналишлари фаолиятига рухсат берилади.

Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ 132 та йуналишда 1105 та автобусларни йўналишларга чиқаради. Шунингдек, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида фаолият юритувчи хусусий корхоналар ҳамда 98 та йўналишда 800 дан ортиқ йўналишли таксилар йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлайди.

Транспорт воситаси доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин тўлиқ дезинфекциядан ўтказилади. Шунингдек, Санитария талаблари доирасида йўловчиларнинг автобус салонига чиқишда ва автобус ичида тиббий ниқобда бўлишлари талаб этилади, тиббий ниқобсиз йўловчилар автобус ва микроавтобуслар салонига чиқарилмайди.

Дастлаб жамоат транспорти ва ҳудудлараро қатновчи транспорт ҳаракатини 17 августдан бошлаш режалаштирилган эди. Бироқ аҳолининг барча турдаги жамоат транспортига, жумладан, 15 августдан фаолиятини бошлаётган пойтахт метрополитенига бўлган талаби инобатга олинди.

«Карантин талаблари юмшатилиб, барча фаолиятларга эркинлик берилаётгани санитарик қоидаларни четлаб ўтишга ёки унга амал қилмасликка асос бўлмайди. Биргина бепарволик касаллик ўчоқларининг яна авж олишига олиб келиши мумкин. Шундай экан карантин меъёрлари ва белгиланган талабларга оғишмай амал қилиб, ўзимиз ва атрофдагиларнинг саломатлигини сақлашга ўз ҳиссамизни қўшайлик», — дейилади «Тошшаҳартрансхизмат» хабарида.