Республика махсус комиссияси 15 августдан бошлаб Тошкент метрополитенининг ишга туширилишига рухсат берди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси «Газета.uz» га маълум қилди.

Соат 6:00 дан эътиборан, Тошкент метрополитенининг «Ўзбекистон», «Чилонзор» ва «Юнусобод» линиялари доимий иш режимида фаолият юритишни бошлайди.

Метро вагонлари доимий равишда қатновга чиқишдан олдин ва ҳар бир қатновни якунлагандан сўнг тўлиқ дезинфекциядан ўтказилади.

Касаллик тарқалишинининг олдини олиш ва йўловчилар соғлиғини сақлаш мақсадида метрода ижтимоий масофа сақлаш ва ниқоб тақиш қатъий назорат қилинади.

Метро станцияларига кираверишда йўловчиларнинг ниқоб таққанлиги текширилади. Ниқобсиз йўловчилар метрога киритилмайди ва жаримага тортилади.

15 августдан бошлаб ниқоб тақмаган фуқароларга нафақат метродан, балки жамоат транспортининг бошқа турларидан фойдаланиш, шунингдек бино ва муассасаларда кириш ҳам тақиқланади.

Махсус комиссия фуқаролардан ниқоб тақиш коронавирус янги тўлқинининг олдини олиш учун зарурлигини тушунишларини сўрайди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент метрополитени фаолияти март ойида мамлакатда карантин эълон қилингани муносабати билан вақтинчалик тўхтатиб қўйилган эди.