2021 йилнинг 1 январига қадар «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базаси шакллантирилади. Адлия вазирлигига юклатилган ушбу топшириқ президент қароридан ўрин олган.

Таъкидланишича, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимида ариза берувчининг оила аъзолари таркибини аниқлаш функцияси жорий этилганидан сўнг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими томонидан ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун аризаларни электрон тарзда онлайн режимида қабул қилиш таъминланади.

Архив ҳужжатларини рақамлаштиришга Республика бюджетидан 30 млрд сўм маблағ ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент қарори билан йил якунига қадар ижтимоий нафақаларни тайинлаш босқичма-босқич «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали амалга оширилиши маълум бўлган эди.

Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги 2020 йилнинг якунига қадар «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) ягона электрон архиви» ахборот тизимини блокчейн технологиясига ўтказиши ҳақида хабар берилганди. Бу, ўз ўрнида, ахборот хавфсизлиги ва шаффофлигини таъминлаши ҳамда фирибгарликлар олдини олишга ёрдам бериши айтилмоқда.