Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Фурқат тумани ички ишлар органлари ходимлари 34-сонли ихтисослашган умумтаълим мактаби жисмоний тарбия ўқитувчиси Шуҳрат Жўраевни қийноққа солгани билан боғлиқ ҳабар юзасидан муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур хабар ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 26 июль куни Фурқат туманидаги 34-сон ихтисослашган умумтаълим мактабида компьютер ўғирланиши билан боғлиқ холат содир этилгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ хузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани маълум қилинди.

«ИИО ходимлари жисмоний тарбия ўқитувчиси Шуҳрат Жўраевни қийноққа солгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан Фурқат туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган», — дейилади расмий муносабатда.

Қайд этилишича, вилоят ИИБ томонидан ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда ва текширувлар якунига кўра қўшимча хабар берилади.

Daryo нашрининг қўшимча хабар беришича, жисмоний тарбия ўқитувчиси Шуҳрат Жўраев компьютерни ўғирлаганликда гумон қилиниб, ИИБга олиб кетилган ва у ерда бир неча соат ушлаб турилган, қийноққа солинган, калтакланган. Воқеадан кейин Шуҳрат Жўраев соғлиғи кескин ёмонлашгани ҳамда ИИО ходимларига чора кўрилишини талаб қилган.