Беларусь президенти Александр Лукашенко коронавирус инфекциясига чалинганини маълум қилди. Бу ҳақда 28 июль куни давлат раҳбари мамлакат Ички ишлар вазирлигининг 3214-ҳарбий қисмига ташрифи чоғида қайд этиб ўтди, дея хабар берди БелТа ахборот агентлиги.

«Бўғилиб гапираётганим учун сизлардан узр сўрайман. Сўнгги пайтларда жуда кўп гаплашишимга тўғри келяпти. Аммо, энг ажабланарлиси шундаки, бугун сизлар ўз „оёғида“ коронавирус ўтказган одам билан учрашмоқдасиз. Кеча шифокорлар шундай хулосага келишди. Симптомсиз», — деди Беларусь президенти.

Александр Лукашенконинг таъкидлашича, мамлакатнинг 97 фоиз аҳолиси бу касалликни симптомсиз бошидан кечирмоқда.

«Худога шукур, мен бу касалликни симптомсиз кечирганлар қаторига киришга муваффақ бўлдим. Ниҳоят, ушбу вирусни бошимдан кечириб, Беларусиянинг олтин фондига кирдим», — деди у.

Президент коронавирус билан қачон касаллангани ҳақида аниқ маълумот бермади ва ўзи бу ҳақда 27 июль куни билганлигини айтди, деб ёзади РИА Новости. Давлат раҳбари касал бўлгани ҳақида хабарлар баҳорда пайдо бўлганди, аммо мамлакат расмийлари бу хабарларни асоссиз дея рад етишганди.