Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида «Коронавирус пандемияси даврида нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги президент қарори муҳокамага қўйилди.

Ушбу ҳужжат коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатда жорий этилган карантин режими сабабли фаолиятида салбий таъсир кузатилган нодавлат ва давлат хусусий шериклик асосидаги мактабгача, умумтаълим ва олий таълим муассасаларининг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Хусусан, Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб бораётган, ўрнатилган тартибда лицензияга эга бўлган нодавлат таълим ташкилотларига 2021 йил 1 январига қадар:

  • 15 июль ҳолатига кўра, солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликларни ундириш муддатлари узайтириш;
  • ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтириш;
  • тижорат банкларига нодавлат таълим ташкилотлари томонидан олинган кредитларнинг асосий қарзи ва кредит фоизи бўйича тўловларни амалга ошириш муддатини узайтириш ҳамда муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари кўрилишини тўхтатиш тавсия қилинган.

Шунингдек, Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан нодавлат таълим ташкилотлари (олий таълим муассасалари бундан мустасно) ходимларига 1 июлдан ушбу қарор қабул қилингунга қадар ойлик маошлар тўлаш мақсадида бир марталик беғараз субсидия ажратиши, маблағларнинг манзилли ишлатилиши бўйича мониторинг олиб бориши қайд этилган.

Шу билан бирга Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда умумтаълим соҳасида масофавий (онлайн) таълимни ташкил этиш тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган.

Ушбу қонун лойиҳасининг муҳокамаси 7 августгача давом этиши кўзда тутилган.