Тошкентда 73 ёшли коронавирусга чалинган аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи 73 ёшли аёл Г. Р.да 9 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Зангиота кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, бош мияда сурункали қон айланишининг бузилиши, сурункали пиелонефрит, сурункали холецистит каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Асосий касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.