23 июль куни соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 18703 нафарни ташкил этмоқда, дея маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, касалланиш ҳолатларининг 84 нафари Сурхондарё вилоятида, 65 нафари Тошкент шаҳрида, 16 нафари Наманган вилоятида ҳамда қолган 7 нафари Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозиргача кун давомида мамлакатда 324 та янги COVID-19 ҳолати тасдиқланди.

Айни пайтда мамлакатда 10002 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар бутунлай соғайган.

Бундан ташқари, шу вақтга қадар COVID-19 асоратларидан вафот этган беморлар сони 100 нафарга етди.

Навбатдаги бемор ўлими Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 82 ёшли М.К.да (аёл) бўлиб, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, терминал ўпка шишидан вафот этгани хабар берилди.

Қайд этилишича, беморда 18 июль куни «COVID-19» тасдиқланган ва умумий аҳволи оғирлиги сабабли Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган ва сунъий нафас бериш аппаратига уланган.

«Унга „COVID-19“ инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, терминал ўпка шиши, полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллиги, семизликнинг 2-даражаси, паркинсонизм касаллиги, подагра каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, терминал ўпка шишидан вафот этган.