Ўзбекистондаги таниқли блогер Хушнудбек Худойбердиев Ular лойиҳасига берган интервьюсида ўзини Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг директор ўринбосари этиб тайинланишини уни танқиддан «зарарлантириш» дея ҳисобламаслигини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг ушбу тайинловни амалга оширишдан мақсади танқидчидан «қутилиш» эмас, балки оммавий ахборот воситалари соҳасига ва ЎзАга «янги қон» олиб кириш сифатида кўриш керак.

«Мансаб берилади ва шу йўл билан битта танқидчидан қутилишади», деган маънода ўзимга ҳам кўп ёзишди. Очиғи гап, олдинги жойимда осонроқ эди овозимни ўчиришга, агар хоҳлашганида. Агарда шунақа ният бўлганда, оммавий ахборот воситасига, ахборот агентлигига олиб келишмасди-ку. Агар мақсади шу бўлганида, мени бирон бир вилоятга ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари этиб жўнатишганда мумкин эди. Мақсад бу эмас. Танқидчини ахборот агентлигига олиб келиб, яна «ниятимиз бу танқидчидан қутилиш» дейиш — бу парадокс", — дея таъкидлади Хушнудбек.

Эслатиб ўтамиз, 1 июль куни Вазирлар маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистондаги таниқли блогер ва Масс-медиа фонди директори Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланганди.