Қашқадарёда бир киши 30 фуқарога вирус юқтирди, дея маълум қилди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев вилоят махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида.

Унинг сўзларига кўра, 24 июнь куни қашқадарёлик шифокор карантин талабларига риоя этмаган ҳолда қариндошиникида оилавий тадбирда ва депутатлар билан учрашувда иштирок этиб, 30 фуқарога вирус юқишига сабаб бўлди.

Ҳоким вилоятда 8 июль куни 161 та коронавирус ҳолати аниқлангани, касалланганларнинг 127 нафари «Интер инжиниринг» компанияси ходимлари бўлса, 34 та ҳолат маҳаллий аҳоли орасида қайд этилганини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксилар Республика махсус комиссияси талабларини бажармаса, йўловчи ташиш фаолияти тўхтатилиши мумкинлигини ҳам билдирди.

«Агар Республика махсус комиссияси талаблари бажарилмаса, вилоят махсус комиссияси қарори билан йўловчи ташиш фаолияти 1 августга қадар тўлиқ тўхтатилади», — деди Зойир Мирзаев.

Шунингдек, вилоятда йўл бўйида, кўчаларда, аҳоли гавжум жойларда «Ўрик шарбати», «Квасс», «Морс» ва «Чалоп», юриб музқаймоқ ва яхна ичимликлар, писта, тамаки маҳсулотлари (доналаб) ҳамда пишган озиқ-овқатларни сотиш қатъиян таъқиқланиши маълум қилинди.