Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан 10 июлдан 1 августга қадар республика миқёсида автотранспорт воситаларининг ҳаракатига бир қатор чекловлар ўрнатилди. Шу билан бирга, айрим транспорт воситаларига ушбу чекловлар татбиқ этилмайди.

Вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга ошириш бўйича белгиланган чекловлар деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (мева-сабзавот, полиз, кўкат маҳсулотлари ва б.қ.) жойларга етказиш ва сотиш мақсадида вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга татбиқ этилмайди.

Бунда, деҳқон ва фермер хўжаликларининг автотранспорт воситалари бозорлар, ярмаркалар ва савдо нуқталарига киритишдан олдин дезинфекция қилинади.

Шу билан бирга, йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга қуйидаги махсус талаблар асосида рухсат берилади:

  • йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши керак;
  • ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади) лозим;
  • фақатгина икки нафар йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши керак;
  • фақатгина автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) ҳаракатланиши шарт.

Республика махсус комиссияси қарори билан Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатига қуйидагилар киритилган:

  • Соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳамда хусусий тиббиёт ташкилотлари, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари.
  • Фармацевтика маҳсулотлари (дори воситалари ва тиббий буюмлар) ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари.
  • Фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари.
  • Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксиларга;
  • ️Етказиб бериш хизмати (кейтеринг) ташкилотларининг автотранспорт воситалари;
  • Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар — газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, совуқ сув, сув оқава ва чиқинди ташишнинг махсус автотранспорт воситалари;
  • Олий Мажлис палаталари, суд ва прокуратура органлари, Ҳисоб палатаси, Бизнес-омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Савдо-саноат палатасининг хизмат автотранспорт воситалари;
  • Вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, бошқа давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг хизмат автотранспорт воситалари;
  • Марказий банк ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда тижорат банкларининг хизмат автотранспорт воситалари;
  • «Республика инкассация хизмати» ДУК хизмат автотранспорт воситалари.
  • Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ҳамда «CMD», «D», «UN», «T», «М» ва «Х» давлат рақами белгиларига эга бўлган автотранспорт воситалари, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари, Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, хорижий давлатлар ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналари, савдо ваколатхоналари ходимларининг автотранспорт воситалари (хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда);
  • Алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар, «Ўзбекистон почтаси» АЖ, «Ўзбектелеком» АК ва унинг ташкилотлари ҳамда «Ўзинфоком» ягона интегратори" МЧЖга тегишли хизмат автотранспорт воситалари;
  • N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари;
  • «Тошшаҳартрансхизмат» АК таркибига кирувчи автобус саройларининг М2 ва М3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари;
  • Йўл-патруль хизмати автомобиллари ёрдамида кузатилаётган автотранспорт воситалари;
  • Дафн маросимларида хизмат кўрсатувчи махсус автотранспорт воситалари (фақат дафн маросимлари хизматини кўрсатиш мақсадида);
  • Мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи М1 (бир нафар йўловчи билан) тоифадаги жисмоний шахсларга тегишли шахсий автотранспорт воситалари.

Карантин талабларига зид равишда кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб юриш, шунингдек, ниқобсиз юриш ҳолатлари белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади, дейилади махсус комиссия хабарида.

Шу билан бирга, рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида карантин талабларни бузган шахсларга маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши ҳамда автотранспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиши назарда тутилади.

Бундан ташқари, 10 июлдан 1 августга қадар диний ташкилотлар фаолияти тўхтатилади.