Жиззах вилоятида коронавирусга чалинган беморлар сони ортиб бораётгани туфайли Жиззах шаҳрида карантин чоралари кучайтирилади, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Унга кўра, Жиззахда қуйидаги карантин чекловлари жорий этилади:

  1. Жиззах шаҳрига кириш ва чиқишни назорат қилиш учун қўшимча 7 та йўл патруль хизмати стационар постлари ва блок постлари ташкил этилади;
  2. Жиззах шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади;
  3. Ташкил этилган йўл патруль хизмати стационар постлари ва блок постларини пирометрлар (масофадан тана ҳароратини ўлчовчи) ва ўтишга рухсат этилган автотранспорт воситаларини мажбурий равишда дезинфекция қилиниши таъминланади;
  4. Жиззах шаҳридаги «Ёшлар шаҳарчаси», «Истиқлол» ва «Ўрда» экологик истироҳат боғлари фаолияти тўхтатилади ва фуқароларнинг боғ ҳудудига кириши таъқиқланади;
  5. Жиззах шаҳрида автотранспорт воситаларининг махсус руҳсатномасиз куннинг муайян вақтларида 07.00 дан — 10.00 гача ва 17.00 дан — 20.00 гача ҳаракатланишига рухсат этилади;
  6. Жиззах шаҳрида куннинг белгиланган вақтидан ташқари вақтларда барча транспорт воситалари (автобусдан ташқари)нинг ҳаракатланиши тўхтатилади ва автобуслар дезинфекция қилинади;
  7. Жиззах шаҳрида соат 07.00 дан 23.00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23.00 дан 07.00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқлансин, бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёҳуд зарур дори-дармон ҳарид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига шахсий транспорт воситасига рухсат берилади;
  8. Жиззах шаҳридаги «Марказий деҳқон» ҳамда «Эски шаҳар деҳқон» бозорлари, савдо мажмуалари (супермаркет, минимаркет ва бошқалар) кириш чиқиш жойларида фуқароларнинг тана ҳароратини ўлчаниб, антисептик воситалар билан таъминланади;
  9. вилоят ҳудудидаги йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади, Жиззах шаҳридаги «Кўк бозор» деҳқон бозори ҳафтанинг якшанба, «Эски шаҳар» деҳқон бозори ҳафтанинг ҳар душанба куни ёпилади;
  10. Жиззах шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юклар мажбурий равишда дезинфекция қилинади;
  11. Давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш, уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар «онлайн» режимга ўтказилади;
  12. Жамоат жойлари ва тадбиркорлик фаолияти объектларида ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш, уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситаларидан доимий равишда фойдаланиши ҳамда барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак"лар билан таъминланади;
  13. Қурилиш-таъмирлаш ишларида объектлар ҳудуди тўлиқ карантинга олинади;
  14. Жиззах шаҳридаги барча савдо шохобчалари, чойхона, ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш жойлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда ўқув курслари фаолияти карантин тадбирлари тугагунга қадар тўхтатилади.

Мазкур қарор талабларини бузган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, ававалроқ Жиззахда шаҳар ҳокимлиги ходимида коронавирус аниқлангани сабабли ҳокимлик биноси карантинга олингани ҳақида хабар бергандик.