Жиззахда шаҳар ҳокимлигининг бир нафар ходимида коронавирус инфекцияси аниқлангани сабабли Жиззах шаҳри ҳокимлигининг биноси карантин олинган, дея хабар берди шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда Жиззах шаҳрида коронавирус инфекциясининг кўпайганлиги муносабати билан ҳудудда вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида шаҳар ҳокими А.Шукуров топшириғи билан ҳокимлик ходимлари COVID-19 тестидан ўтказилди.

«Ўтказилган тест натижаларига кўра Жиззах шаҳар ҳокимлиги ходимлари ва раҳбариятидан коронавирус инфекцияси аниқланмади. Аммо „Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш маркази“ Жиззах шаҳар бўлимининг 1 нафар ходимида COVID-19 инфекцияси аниқланганлиги сабабли „Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш маркази“ Жиззах шаҳар бўлими ва шаҳар ҳокимлиги биноси карантинга олинди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, таъкидланишича, айни пайтда ҳокимлик ходимлари ўз ишларини масофадан туриб давом эттиришмоқда.