Фарҳод Шавкатович Маҳмудов Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида.

У 2019 йил сентябридан Президент администрацияси раҳбарининг оммавий ахборот воситалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Фарҳод Маҳмудов. Фото: ЎзА.

Фарҳод Маҳмудов (1973 й. т.) Тошкент давлат университетини (1996) тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги журналист. 2008 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2018 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони билан тақдирланган. Фарҳод Маҳмудов 1995 йилдан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида турли лавозимларда, жумладан, «Ўзбекистон 24» телеканали бш директори сифатида фаолият кўрсатган.

2018−2019 йилларда ОАВ, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари хизмати бўйича президент маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

Президент администрацияси Ижро этувчи аппарати ОАВ, телевидение ва матбуотни ривожлантириш шўъбаси мудири Дилноза Муродовна Зиямуҳамедовага Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари вазифасини вақтинча бажариш юклатилди. Аввалроқ у Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги Оммавий коммуникациялар масалалари маркази бошлиғи бўлиб ишлаган.

Хайрулла Нуритдинов. Фото: Facebook.

2017 йил 21 августдан Миллий телерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Хайрулла Боқижонович Нуритдинов эса «Ўзбекистон 24» телеканали директори этиб тайинланди.

2017 йилнинг августида у бир неча кун «Ўзбекистон 24» телеканали директори бўлиб ишлаган, бироқ кейин МТРК раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимига қайтган эди.

Хайрулла Нуритдинов (1974 й. т.) 2006−2017 «Ёшлар» телеканалини ҳам бошқарган.

Ғуломжон Самадов. Фото: Халқаро пресс-клуб.

Ғуломжон Хурсандович Самадов Президент администрацияси тадбирлар ёритилишини тайёрлаш шўъбаси мудири этиб тайинланди.

2000−2006 йилларда у Ўзтелерадиокомпанияда «Ахборот» дирекцияси шарҳловчиси, муҳаррири, 2006−2014 йилларда — «Ўзбекистон» телеканали «Ахборот» информацион дастури мухбири, 2015−2016 йилларда — Экоҳаракат Марказий кенгаши ижроия қўмитаси ходими, сўнгра унинг координатори бўлиб ишлаган. 2016−2017 йилларда «Тошкентагросервис» МЧЖ бўлим бошлиғи бўлган, 2017 йилдан эса Халқаро пресс-клуб бош продюсери сифатида ишлаб келмоқда.

Носиржон Жамолиддинович Жўраев таҳлилий материалларни тайёрлаш ва Администрация бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш шўъбаси етакчи консультанти лавозимига тайинланди. Аввалроқ Президент администрацияси Ижро этувчи аппарати оммавий ахборот воситалари, телевидение ва матбуотни ривожлантириш шўъбаси мудири лавозимида фаолият кўрсатган.