«Ягона умум республика процессинг маркази» МЧЖ (Uzcard) га нисбатан олиб борилаётган ўрганишлар бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълумот берди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси бозорда устун мавқега эга бўлган «Ягона умум республика процессинг маркази» МЧЖ томонидан тижорат банкларидан олинадиган онлайн омонатлар хизмати учун комиссиясини ўрнатилишининг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш бўйича иш олиб бормоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги қарори билан тасдиқланган товар бозорида сотиладиган мулк, иш, хизматлар учун монополистик жиҳатдан юқори ва паст нархларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан қўмита тижорат банкларига тегишли онлайн омонат хизматлари учун комиссия тузишга тегишли ҳисоб-китоб материаллар ва асосларни талаб қилди.

Унга кўра, бугунги кунга келиб Uzcard дан сўралган тегишли маълумотлар тўлиқ берилмагани сабабли, ўрганиш муддатини чўзилишига сабаб бўлмоқда, дейилади хабарда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, агар, «Ягона умум республика процессинг маркази» МЧЖ томонидан сўралган маълумотлар тақдим этилмаса, «Рақобат тўғрисида» ги Қонуннинг 27-моддасига биноан, мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг маъмурияти маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк май ойида Uzcard ва HUMO тўлов тизимлари орқали 10 трлн сўмдан ортиқ тўловлар амалга оширилгани ҳақида маълум қилганди. Шунингдек, Uzcard онлайн-омонатлар бўйича банклардан 0.25 фоиз миқдорида тўлов олишни бошлагани ҳақда ҳам хабар берган эдик.