Тошкентда 2020 йилнинг январь-май ойилари мобайнида 896 та оғир ва ўта оғир жиноят қайд этилган бўлиб, республикада бўйлаб салбий биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда 26 июнь куни Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлисида маълум қилинди.

Шу билан бирга, пойтахтда 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар натижасида пойтахт ҳудудида содир этилган умумий жиноятлар 430 тага ёки 6 фоизга камайган. 514 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 76 тасида ёки 14,8 фоизида жиноятлар содир этилмаган, 369 тасида ёки 72,1 фоизида камайишга эришилган бўлиб, 40 тасида бу кўрсаткич ошган.

Таъкидланишича, қотиллик ва оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг деярли ярми ёшлар томонидан содир этилган бўлиб, республикада энг ёмон салбий кўрсаткич қайд этилган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида жиноят содир этган шахсларнинг деярли ҳар учинчиси ёшлар ҳамда ҳар тўртинчиси ишсизларни ташкил этади.

«Ачинарлиси, жами 79 нафар вояга етмаган шахс томонидан 1 тадан қотиллик, номусга тегиш, товламачилик, транспорт воситасини олиб қочиш ва ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари, 5 тадан оғир тан жароҳати етказиш ва босқинчилик, 3 та фирибгарлик, 8 та талончилик, 36 та ўғрилик жиноятлари содир этилган. Пойтахтда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ҳар ўн биринчисини ўғрилик, ҳар бешинчиси эса фирибгарлик каби жиноятларни ташкил этган», — дейилади хабарда.

2020 йилнинг 5 ойи мобайнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳам мажлис иштирокчилар томонидан ўрганилиб, криминоген вазиятга баҳо берилди. Жумладан, маҳаллалар ҳудудида содир этилган жиноятларнинг (1 245 та) жами жиноятга нисбатан салмоғи 43 фоизни ташкил этиб, шу турдаги жиноятлар ҳам республикада салбий биринчи ўринни қайд этган.

Шунингдек, жами қотиллик жиноятларининг 9 таси ёшлар, 4 таси хотин-қизлар, 3 таси илгари судланганлар, 8 таси маст ҳолда ҳамда 14 таси ўткир тиғли жисмдан фойдаланиб содир этилгани маълум бўлди. Пойтахтда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ҳар еттинчиси ўғрилик, ҳар бешинчиси эса фирибгарлик каби жиноятларни ташкил этганлиги хабарда таъкидланади.