Ўзбекистон биофизикасининг асосчиларидан бири, йирик олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Бекжон Тошмуҳамедов 85 ёшида оламдан ўтди, дея хабар беради Фанлар академияси.

Атоқли ёзувчи Ойбекнинг ўғли бўлган Бекжон Тошмуҳамедов 1935 йил Тошкентда туғилган. Биолог-физик олим Москва университетининг биология-тупроқшунослик факультетини тугатган. ТошДУ да кичик илмий ходим, биокимё ва биофизика кафедраси доценти, Ўзбекистон ФА ядро физикаси ва Биокимё институти биофизика лабораторияси мудири бўлиб ишлаган.

Бекжон Тошмуҳамедов, шунингдек, ТошДУ биофизика ва атроф муҳит муҳофазаси кафедраси мудири, Ўзбекистон ФА Физиология институтида директор, бўлим бошлиғи, Ўзбекистон ФА Президиуми аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси раиси бўлиб фаолият юритган.

«Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Бекжон Тошмуҳамедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади» — дейилади Фанлар академияси хабарида.