Таълим гранти асосида ўқиган талабаларнинг ўқишни тугатгандан кейин 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади. Бу ҳақда 8 май куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, давлат гранти талабалар учун таълим гранти ва ижтимоий-рағбатлантирувчи грант шаклига бўлинади. Аввалроқ ёзганимиздек, бунда таълим гранти талабаларга бир ўқув йили учун ажратилади ҳамда 1-курсда ўқишга кириш натижалари бўйича, 2-курсдан бошлаб рейтинг кўрсаткичлари бўйича энг юқори балл тўплаган талабаларга ажратилади.

Таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тугатгандан сўнг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор бўлади. Ижтимоий-рағбатлантирувчи грант эса мақсадли қабул ва имтиёз асосида қабул қилинган талабаларга бутун ўқиш даври учун берилади.

«Грант тақсимланганидан кейин ўз-ўзидан доимий ишлаб бериш мажбурияти йўқолади, дипломлари вақтида берилади. Ҳозир ҳам диплом олишда муаммо йўқ, [грантда ўқиган] битирувчиларга электрон шакллантириляпти. Ўтган йилдан бошлаб битирувчиларимиз оригинал дипломга деярли келишмаяпти. Чунки хоҳлаган иш берувчи ягона реестрдан кўриб оляпти. Олдингидек вазирликка ростдан ҳам шу олийгоҳда ўқигани ҳақида хат ёзиш йўқолган ҳозир», — деди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент бошлиғи Абдували Холиқов.

Абдували Холиқов.Абдували Холиқов.

Грант квоталари (давлат буюртмаси параметрлари)ни амалдаги олийгоҳлар кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида тасдиқлаш тартиби жорий этилади.

Ижтимоий-гуманитар йўналишларга давлат буюртмаси қисқартирилиб, ушбу квоталарни устувор равишда муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳалари орасида тақсимланади.

Вазирлик хабарига кўра, 2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари олий маълумотли кадрларни тайёрлаш ва уларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ 4 йиллик давр учун тасдиқланади (ҳозирда у 1 йил). Грант ўринлари ҳар бир йўналиш учун республика бўйича тўпланган баллар кетма-кетлигига кўра абитуриентларнинг танловига мувофиқ амалга оширилади.

Шунингдек, сиртқи таълим шакли учун квоталарни кундузги таълим шакли учун ажратилган квотадан оширмаслик белгиланади.