COVID-19 коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётини 3,2 фоизга камайтириши ва йил якунига қадар қарийб 8,5 трлн АҚШ доллари миқдорида молиявий йўқотиш прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича бошқармаси томонидан ўтказилган янги тадқиқотлар ҳисоботида сўз боради.

Ҳисоботга кўра, ривожланган мамлакатларда 2020 йилда иқтисодиётнинг ўсиш суръати 5 фоизгача қисқариши кутилмоқда. Бу, ўз ўрнида, 1930 йиллардаги «Буюк Депрессия»дан кейинги кескин пасайишни англатади. 2021 йилда эса ўсиш даражаси ўртача 3,4 фоизга тенг бўлиб, йўқолган маҳсулотни қоплаш учун етарли даражада бўлиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, ривожланаётган давлатларнинг ЯИМ 2020 йилда 0,7 фоизга пасайиб, ундан кейин 2021 йилда 5,3 фоизга кўтарилиши прогноз қилинмоқда.

«Иқтисодий фаолиятнинг кенг кўламли чекланиши ва ноаниқликлар туфайли глобал иқтисодиёт 2020 йилнинг иккинчи чорагида қотиб қолиши мумкин. Биз ҳозир Буюк Депрессиядан бери кўрилмаган кучли рецессиянинг даҳшатли ҳақиқатига дуч келмоқдамиз,» — дея таъкидлади БМТнинг бош иқтисодчиси ва бош котибнинг иқтисодий ривожланиш бўйича ёрдамчиси Эллиот Харрис.

Коронавирус соғлиқни сақлаш соҳасида ва иқтисодиётда мисли кўрилмаган даражада ва миқёсда инқирозни келтириб чиқарди, карантинга оид таъқиқлар ва чегараларнинг ёпилиши иқтисодий фаолиятни тўхтатиб қўйди ва дунё бўйлаб миллионлаб ишчилар ишсиз қолишди.

Прогнозларга кўра, 2020 йилда 34,3 миллион киши ўта қашшоқлик чегарасига тушиб қолиши мумкин, бунда, ушбу кўрсатгич Африка мамлакатларида 56 фоизга ўсиши кузатилади. Пандемия оқибатида, эҳтимолан, 2030 йилга қадар ўта қашшоқликда яшайдиган одамлар қаторига яна 130 миллион киши қўшилиши мумкин, дейилади ҳисоботда.

Маълум қилинишича, дунё бўйлаб ҳукуматлар мазкур иқтисодий инқирозни минималлаштириш учун катта — дунё ялпи ички маҳсулотининг қарийб 10 фоизига тенг молиявий чораларни амалга оширди.

Ҳисоботда хулоса сифатида келтирилишича, пандемия ва инқироздан энг кўп зарар кўрган давлатларга иқтисодий ва молиявий ёрдам кўрсатишда кучли халқаро ҳамкорлик керак, чунки бу дунёни барқарор ривожланиш траекториясига қайтариш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг аввалги ҳисоботида коронавирус сабабли жаҳон иқтисодиёти 1 фоизга камайиши мумкинлиги ва иқтисодий тенгсизлик янада кучайиши таъкидланган эди.