Россиялик тадбиркор, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов тақдим этган пул ёрдами Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши келтириб чиқарган сув тошқинидан зарар кўрган Сирдарё вилояти аҳолиси ўртасида бир хил ҳажмда тақсимланади. Бу ҳақда «Маҳалла» жамғармаси «Газета.uz»га хабар қилди.

Аввал хабар қилинганидек, Алишер Усмонов сув тошқини оқибитларини бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам учун Ўзбекистонга 10 млн доллар тақдим этган эди. У, шунингдек, Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида сув тошқинидан азият чеккан 5202 та оила учун 5,202 млн доллар (ҳар бир оилага 1000 доллардан) ажратди.

Алишер Усмонов томонидан ажратилган маблағлар ҳозирда «Маҳалла» жамғармаси ҳисоб рақамида. Пулларни Рамазон ҳайити байрамига қадар Халқ банкида жабрланганлар учун очилган карточка ҳисоб рақамларига ўтказиб берилиши кутилмоқда. Сирдарё вилояти ҳокимлиги жабрланганлар рўйхатини тузмоқда, дея хабар қилинди жамғармадан.

Жабрланганлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳам пул ёрдамини олади. Аввалроқ Молия вазирлигига фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш, жумладан, жабрланганларга молиявий ёрдам учун Сирдарё бюджетига 100 млрд сўм ўтказиб бериш топширилган эди.

Чоршанба куни бўлиб ўтган мажлисда президент Шавкат Мирзиёев Алишер Усмоновга Ўзбекистон ва Қозоғистонга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатига ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорларни ҳам ёддан чиқармаймиз. Тадбиркорларимиз оғир дамларда елкадош бўлмоқда", дея қайд этди давлат раҳбари (Kun.uz иқтибоси).

Бундан ташқари, президент йиғилиш давомида мутасаддиларга аҳоли учун қуриладиган уйлар сифати ва муддати борасида ҳам алоҳида топшириқ берган.

«Уй қурилишини бир йилга чўзманглар, барча жабр кўрган инсонлар икки ойда янги, ҳовлисига райҳон ва мевали дарахтлар экиладиган сифатли уйларга кўчиб ўтиши керак», — деди у.

Сирдарё вилоятида 14 майдан бошлаб вилоят ҳудудида қурилиш ишлари бошланиши лозим. Вилоятга тез орада Шавкат Мирзиёевнинг ташриф буюриши кутилмоқда.