Россиялик тадбиркор, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов Сирдарё вилоятидаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам учун 10 млн доллар тақдим этди. У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ёзган хатида бу ҳақда маълум қилди.

«Болалигим ва ёшлик йилларим ўтган она юртимдаги ака-укаларим ва опа-сингилларим билан ҳозирги эпидемиологик қийинчиликларга шерик бўлар эканман, Сардоба сув омборида содир бўлган фожиа ҳақидаги хабарни, шунингдек, уни одамларимиз муносиб ва мардона қабул қилганлигини қалбимда оғриқ билан ҳис қилдим», — дейилади хатда.

«Муқаддас Рамазон ойида Оллоҳнинг ўзи мени Ватанимга чорлади, зеро бу даврда биз ёрдамга муҳтож одамларга алоҳида ғамхўрлик қилишимиз ва кўмак беришимиз керак. Биз қувончли дамларда ҳам, бошга ғам-ташвиш тушганда ҳам, бир-бирмизни елкама-елка туриб қўллаб-қувватлаймиз. Мен халқимизнинг тақдирига бефарқ қараб тура олмайман ва шу сабабли сув тошқинидан жабрланганлар турмушини тиклаш ва яхшилаш, талафот оқибатларини тезкорлик билан бартараф этишга ёрдам кўрсатиш учун 10 миллион доллар бераяпман», — дея қайд этди у.

Алишер Усмонов, шунингдек, сув тошқини натижасида эвакуация қилинган Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтаарал туманидаги 30,42 минг кишига ёрдам учун 5,202 млн доллар ўтказиб берди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу маблағлар 5202 та жабрланган оила ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

Апрелда Алишер Усмонов Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашишда ёрдамлашиш учун «Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик» Жамоат фондига 20 млн долларлик улуш қўшган эди.