Алишер Усмонов жамғармаси томонидан сув тошқини натижасида эвакуация қилинган Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтаарал туманидаги 30,42 минг кишига ажратилган 5,202 млн доллар ҳалққа тарқатилмоқда. Бу ҳақда Туркистон вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин Туркистон вилояти ҳокими Умирзақ Шукеев билан биргаликда Мақтаарал тумани Мирзакент қишлоғи аҳолиси билан учрашиб, тошқиндан жабр кўрган фуқароларга Алишер Усмонов жамғармасидан ажратилган маблағлар учун дастлабки сертификатларни топширишган.

Маълум қилинишича, ушбу маблағлар тошқиндан зарар кўрган оилалар бошлиқларининг 5202 та шахсий ҳисоб рақамларига ўтказилади. Ҳар бир эвакуация қилинган оила учун 422 минг тенге (1000 АҚШ доллари) миқдорида пул маблағи берилади.

Айни пайтда барча жабр кўрган фуқаролардан ушбу маблағларни олиш учун ҳужжатлар қабул қилиш жараёни кетмоқда. Ҳужжатлар тўлиқ тўплангандан сўнг, ҳар бир оила уларга белгиланган пулни олади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши содир бўлди. Сув тошқини натижасида Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Мақтаарал туманининг 5 қишлоғида 845 та уй сув остида қолди, 30 мингдан ортиқ фуқаро эвакуация қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра, 7639 га экин майдонини сув босган.

Шу ўринда, россиялик бизнесмен Алишер Усмонов «Туркистон» корпоратив ижтимоий ривожлантириш жамғарма ҳисобига Мақтарал туманида сув тошқини туфайли эвакуация қилинган фуқаролар учун 5 миллион 202 минг доллар (2.3 миллиард теңге) ўтказиб берган.

Маълумот учун, Алишер Усмонов Сирдарё вилоятидаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам бериш учун Ўзбекистонга 10 млн доллар ажратган эди.