Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 11 май куни бўлиб ўтган тўртинчи ялпи мажлисда «Саломатлик» ордени ва «Соғлом турмуш» медалини таъсис этиш тўғрисидаги қонунларни маъқуллади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу орден икки даражадан иборат бўлиб, I даражали «Саломатлик» ордени билан тиббиёт соҳасини ривожлантириш, замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига муносиб ҳисса қўшганлар тақдирланади. II даражали орден билан эса аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли касалликларнинг барвақт олдини олиш ва бартараф этишда фаол иштирок этган шахслар мукофотланади.

«Соғлом турмуш» медали эса аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни кенг тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва бадантарбияни кундалик турмуш тарзига айлантириб, жамоатчиликка шахсий намуна бўлаётган фуқаролар хизматларини эътироф этиш мақсадида таъсис этилмоқда.

«Саломатлик» ордени ҳамда «Соғлом турмуш» медали билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин, дейилади хабарда.