Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасида 21 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Беморлар республика соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Соғайганларнинг барчаси Қорақалпоғистондан (15 нафари Нукус шаҳридан, 4 нафари Мўйноқ туманидан, яна 2 нафари Қўнғирот туманидан) бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган.

Беморларнинг 9 нафари эркак, 12 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 64 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда. Самарали даволаш муолажалари туфайли бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатди.

27 апрель куни 91 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 880 нафарни ташкил этмоқда.