Бугун Жаҳон банки коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон фуқаролари саломатлиги ва фаровонлигига таъсирини юмшатиш бўйича фавқулодда чораларни қўллаб-қувватлаш учун 95 млн доллар миқдорида молиялаштириш дастурини тасдиқлади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Лойиҳа маблағлари миллий соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга, шунингдек, пандемия келтириб чиқарган иқтисодий инқироздан азият чеккан кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга сарфланади.

«Жаҳон банкининг молиялаштириши халқаро ривожланиш бўйича ҳамкорлар коалицияси томонидан ташкил этилган аҳолини пандемия хавфидан ҳимоя қилишда ҳукуматга кўрсатилаётган ёрдамнинг бир қисми сифатида тақдим этилади», — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори.

Ушбу лойиҳа доирасида коронавирус инфекциясининг олдини олиш, унинг профилактикаси ва тарқалишини назорат қилиш учун миллий соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга 38 млн доллар сарфланади. Ушбу маблағлар шахсий ҳимоя воситалари, дори-дармонлар ва ҳаётий зарур тиббий асбоб-ускуналар, шу жумладан ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмаларини сотиб олиш, коронавирус билан касалланган беморларни даволайдиган шифохоналарни жиҳозлаш учун ҳам ишлатилади.

57 млн доллар атрофидаги маблағлар кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ишсиз фуқароларга бир марталик тўловларни амалга ошириш бўйича давлат дастурларини кенгайтириш учун сарфланади, дейилади ЖБ хабарида.