Республика махсус комиссияси фаолиятини давом эттираётган барча савдо корхоналарида COVID-19 кириб келишининг олдини олиш ва тарқалиб кетишига йўл қўймаслик юзасидан қуйидаги талабларни эълон қилди.

Ташриф буюрувчилар учун:

  • савдо нуқтаси ва унга туташ ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш ва харидорлар орасидаги ижтимоий масофанинг сақланишига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида қўриқлаш ва бошқа хизмат турларидан фойдаланиш;
  • савдо нуқтасига кирувчи ҳар бир шахснинг тана ҳароратини масофадан туриб ўлчашни ташкил этиш. Тана ҳарорати юқори бўлган фуқаро аниқланса, савдо марказига киритмаслик ва «103» телефон рақами орқали тиббиёт ходимларини чақиртириш;
  • савдо нуқтасига кириш жойида дезинфекцияловчи восита билан тўйинтирилган махсус гиламча (дезинфекциялаш тўсиғи)ни 1 сменада энг камида 1 маротаба алмаштириб туриш;
  • йирик савдо марказларида (майдони 500 м2 дан катта) ташриф буюрувчи одамларнинг уст-бошидан антисептик билан пуркаш йўли билан дезинфекциялаш учун махсус ўтиш жойларини ўрнатиш;
  • савдо дўконларига кириш жойида тери учун махсус антисептиклар (шу жумладан, ўрнатилган дозаторлар ёрдамида) билан қўлни зарарсизлантириш жойларини ташкил қилиш;
  • ҳар бир харидор орасида 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофанинг сақланишини таъминлаш.

Савдо нуқтаси ходимлари учун эса қуйидаги талаблар ўрнатилди:

  • шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш, юқори нафас йўллари инфекциялари касалликлари белгилари (тана ҳароратининг юқорилиги, йўтал, тумов) бўлган ходимлар ишга қўйилмаслигини таъминлаш;
  • ходимларни 1 маротабалик юз ниқоблари билан етарли даражада таъминлаш (юз ниқобини тугаш муддати ва иш вақтининг давомийлигига қараб камида 3 соатда 1 дона);
  • харидорлар билан ишловчи ҳар бир ходимни энг камида 5 дона юз ниқоби, антисептик салфеткалар, қўлқоп, тери ва қўлни зарарсизлантирувчи (рўйхатга олинган ва қўллаш учун қарши кўрсатмаси бўлмаган) антисептиклар билан таъминлаш;
  • ходимларнинг овқатланиш ва дам олиш вақтларида тўпланишларини чеклаш, иш жойида овқатланишни тақиқлаш, улар учун бир маротабалик идишлардан фойдаланган ҳолда карантин вақтида қулайлик яратиш ва уларни эркин ҳолда кўчада юришларининг олдини олиш ва фойдали иш соатларини ошириш мақсадида марказлашган ҳолда овқат етказиб берилишини таъминлаш;
  • ҳар 2−4 соатда барча ташқи муҳит объектларини (эшик тутқичлари, включатель, перила, стол, стуллар, ташкилий техника, аравачалар тутқичлари) зарарсизлантириш учун етарли даражада зарарсизлантирувчи ускуналар ўрнатиш;
  • ходимларни ҳар бир овқатланиш олдидан, ишдан сўнг қўлларини махсус зарарсизлантирувчи воситалар билан ювиш, профилактик чора-тадбирларга, шахсий ва умумий гигиена қоидаларига амал қилиш зарурлиги тўғрисида мунтазам хабардор қилиб бориш;
  • ишлатилган шахсий ҳимоя воситаларини махсус идишларда алоҳида ажратилган йиғиш ва уларнинг утилизация қилинишини таъминлаш.