Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан яна 17 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар соғайди. Улар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайган беморларнинг барчаси Тошкент шаҳридан. Улардан 16 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. 1 нафари Лондондан Тошкентга келган. Беморлардан 4 нафари эркак, 13 нафари аёллардир.

Беморлар орасида энг ёши каттаси 69 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2020 йил туғилган (онаси билан бирга реабилитацияга кузатилди).

«Клиникамиз ходимларининг бирдамлиги, маҳорати ва тажрибаси беморлармизнинг соғайишида ҳал қилувчи рол ўйнамоқда. Халқаро стандартлар асосида даволаш муолажаларини олиб бориш учун тиббиёт муассасамизда барча шароитлар яратилган», — дейди Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси бош шифокори Муҳайё Асилова.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар 424 нафарни ташкил этмоқда.