Энергетика вазирлиги таркибидаги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» компанияси Туркманистоннинг «Туркманэнерго» Давлат электр энергетика корпорацияси билан 2019−2020 йилларда электр энергиясини импорт қилиш юзасидан келишувга эришгани тўғрисида хабар қилди.

«1 декабрь санасидан республикамиз электр энергияси таъминотида ижобий ўзгаришлар рўй бериб, тармоқдаги чекловлар кескин камайишини маълум қиламиз», — дея ваъда берди компания.

Совуқ тушиши билан Тошкентда ва Ўзбекистон вилоятларида электр энергиясида узилишлар бошланди. Бош вазир Абдулла Арипов пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишда 27 ноябрь куни сутка давомида 110 киловольт кучланишли 144та линияда жами 300 мартадан ортиқ чеклов амалга оширилгани, ушбу линияларда 1 ярим соатдан 5 соатгача чеклов киритилганини маълум қилди.

Бундан ташқари, қарийб 31,5 мингта ҳолатда электр энергиядан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган, зарар миқдори эса 22 миллиард сўмни ташкил қилади.

Энергетика вазирлиги аввалроқ катта аварияларнинг олдини олиш учун бир қисм истеъмолчилар электр таъминотидан узиб қўйилаётганини маълум қилган эди. Вазирлик, шунингдек, зарурат туғилмаган тақдирда электр ускуналарни тармоқдан узиб қўйишга чақирди.