Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Ўзбекэнерго» компаниясининг стратегик ривожлантириш бошқармасининг собиқ бошлиғи, техника фанлари номзоди Эсо Саъдуллаевнинг мақоласида бутун мамлакат бўйлаб электр энергияси мунтазам равишда узилаётгани муаммосига изоҳ берди.

Муаллиф электр энергияси тизимига: 1) электр энергияси ишлаб чиқарадиган станциялар («Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва «Ўзбекгидроэнергия» АЖ), 2) уларни узатиш учун юқори кучланишли магистраль тармоқлари («Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ), 3) электр энергиясини тақсимлаш тармоқлари («Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ) ва ниҳоят 4) электр энергияси истеъмолчилари киришини тушунтириб ўтади.

Бундай тизимнинг асосий мақсади истеъмолчиларни сифатли ва ишончли электр энергияси билан узлуксиз таъминлашдир. Электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши (ёзда жазирама иссиқ мавсумидаги ёки қаҳратон қиш мавсумидаги совуқ об-ҳавода) кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолмоқда.

Бунда катта аварияларни ва бутун мамлакатда ҳамма истеъмолчиларни ўчишини олдини олиш учун электр энергияси таъминотида чекловлар жорий этилишига мажбуран олиб келади. Диспетчерлик маркази томонидан энерготизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминламаса, тизимдаги «зўриқиш» турли йирик аварияларга сабаб бўлиб, катта-катта ҳудудларда узоқ вақт электр энергия бўлмаслигига сабаб бўлади.

Эсо Садуллаевнинг аъкидлашича, агар ҳудудий диспетчерлар маълум жадвал тартибига асосан, тегишли техник-муҳандислик қоидаларига биноан паст кучланишли электр тармоқларида энерготизим балансини таъминласа (0,4 кВ, 6−10 кВ), марказий диспетчерлик бошқарувида фавқулотда қарор қабул қилинишига ҳожат бўлмайди.

Белгиланган чекловлар ҳудудий электр тармоқлари томонидан бажарилмаган тақдирда тизимдаги йирик аварияларнинг олдини олиш учун (35 кВ ва 110 кВ) «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ таркибидаги Миллий диспетчерлик маркази томонидан катта ҳудудлар электр таъминотидан узиб қўйилади. Бу амалиёт ҳукумат томонидан тасдиқланган электр энергия хавфсизлиги қоидаларига биноан амалга оширилади. Натижада, йирик талафот келтириши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳамда жиддий иқтисодий зарарларнинг олди олинади.

«Истеъмолчиларнинг маълум тўлов эвазига электр энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқидан ташқари энергиятежамкорлик ва энергиясамарадорлик масаласида маълум мажбуриятлари ҳам бор», — дейди Эсо Садуллаев. У фойдаланилмаётган пайтда электр ускуналарини тармоқдан узиб қўйиш зарурлигини эсга олади.

«Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш, аниқроғи уни ўғирлаш орқали истеъмолни бошқариш ва назорат қилиш тизимидан ташқари қанча-қанча электр энергияси сарф қилинади, — деб ёзади мутахассис. — Натижада истеъмол асоссиз равишда ошади, қувват блоклари, магистрал ҳаво линиялари, трансформатор подстанциялари ва электр узатиш тармоқларининг ортиқча юкланиши кузатилади. Бу, ўз навбатида, тизимдаги аварияларнинг пайдо бўлиши учун зарур шарт-шароит яратиши турган гап».