Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали қурилиши лойиҳасини танлади, деб хабар беради «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Янгиликлар 24» дастури.

Пайшанба куни Тошкент метросининг Юнусобод йўналишидаги янги станциялар қурилиши билан танишиш вақтида давлат раҳбарига бир нечта лойиҳалар тақдим этилди ва у Самарқанд учун энг мақбул лойиҳани танлади.

Дизайнида «ўтмиш ва бугунги кун нафаси» бўлган янги қўшимча терминал халқаро талабларга жавоб беради ва соатига 600 йўловчига хизмат қилади, дейилади телеканал лавҳасида. Бошқа тафсилотлар ҳақида хабар берилмади.

Аввалроқ, «Газета.uz» Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 2022 йилда бўлиб ўтадиган саммитига тайёргарлик доирасида Самарқандда янги терминал қурилишидан ташқари, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш, самолёт паркини кенгайтириш ва аэропортнинг радиолокация тизимини модернизация қилиш режалаштирилганини ёзган эди.

Реконструкция жараёнида Самарқандни бошқа шаҳарлар билан боғлайдиган поезд ва автобус қатновларининг сони кўпайтирилиши керак.

Май ойида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Россиянинг «Новапорт холдинг» компанияси Самарқанд, Наманган ва Урганч аэропортларини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида келишув имзолаган эди.

Видео

Фото